Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжонлик ишбилармонлар бизнес форуми
Бўстонлиқ туманида “Чегарасиз ҳамкорлик” шиори остида халқаро “Great Silk Road Business Cooperation Forum – 2025” бизнес-форуми бошланди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви арафасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан икки кун давом этадиган мазкур нуфузли тадбир тадбиркорларни ягона бизнес майдонида бирлаштирилди.
Бу орқали минтақадаги иқтисодий интеграцияни янги босқичга кўтариш, савдо алоқаларни кенгайтириш ва ишбилармонлар ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш мақсад қилинган. Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжондан келган вазирлик ва идоралар вакиллари, савдо-саноат палаталари, йирик компаниялар ҳамда хусусий секторнинг 300 нафарга яқин иштирокчилари қатнашмоқда.
Форумнинг очилиш қисмида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳoбов сўзга чиқиб, сўнгги йиллар Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик соҳасида қўшни давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантириш, хорижлик инвесторлар билан биргаликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлиги оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу саъй-ҳаракатлар туфайли хорижлик тадбиркорлар учун мамлакатимизда йирик лойиҳаларни амалга ошириш, маҳаллий тадбиркорлар фаолиятини бошқа давлатларда ҳам ривожлантиришга замин яратилди.
Тадбирда Озарбайжондан келган масъул ташкилотлар вакиллари ҳам форумнинг аҳамияти хусусида ўз фикрларини билдирди. Муҳими, Марказий Осиё ва Озарбайжон тадбиркорлари биргаликдаги бизнес манфаатлари асосида бирлашиб, минтақадаги иқтисодий барқарорлик, янги иш ўринлари яратиш ва савдо айланмасини оширишда етакчи кучга айланиши алоҳида қайд этилди.
[gallery-26226]
Тадбирнинг асосий қисмида ўтган пленар сессия “Марказий Осиё ва Озарбайжон: чегарасиз ҳамкорлик” мавзусида бўлиб, унда бизнеснинг асосий вазифаси – биргаликда ишлаб чиқариш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва янги бозорларга чиқиш масалалари муҳокама этилди. Томонлар минтақада ягона ишлаб чиқариш занжири барпо этиш, маҳаллий хомашё асосида экспортбоп маҳсулотлар яратиш, логистика ва энергетика соҳаларида кооперацияни кучайтириш бўйича амалий таклифлар берди.
Иштирокчилар бу борада ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдириб, келгусидаги режалар ҳақида маълумотларга эга бўлмоқда. Форум ўз ишини давом эттирмоқда.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА