Марказий Осиё – “бешлик”дан “олтилик”ка: минтақавий ҳамкорлик қайси босқичга чиқмоқда?
Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари сўнгги саккиз йилда минтақанинг ўз муаммоларини ташқи воситачиларсиз муҳокама қиладиган асосий сиёсий майдонига айланди. 2018 йил Остонада бошланган жараён 2025 йил ноябрь ойида Тошкентда ўтказилган еттинчи учрашувда янги босқичга чиқди – Озарбайжон форматда тўлақонли иштирок этувчига айланди. Шу тариқа аввалги “бешлик” географик жиҳатдан кенгайиб, Каспий орқали Жанубий Кавказ ва Европа билан боғланган янги маконни шакллантира бошлади.
Бугун минтақанинг ички савдоси ўсмоқда, чегара масалаларида муҳим келишувларга эришилди, транспорт ва энергетика лойиҳалари кўпаймоқда. Формат олдида ҳал қилиниши керак бўлган жиддий масалалар ҳам бор: институционал механизмларнинг заифлиги, қарорлар ижроси билан декларациялар ўртасидаги тафовут, сув-энергетика масалалари, ташқи кучлар рақобати ва иштирокчи давлатлар ўртасидаги “кооператив рақобат”.
Шу жараёнларнинг Марказий Осиё келажаги учун аҳамияти, Ўзбекистоннинг минтақадаги роли ва Туркманистон саммити истиқболи ҳақида сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраев билан суҳбатлашдик.
– Сайфиддин ака, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари саккиз йил ичида катта йўлни босиб ўтди. Бугун бу форматни минтақавий ҳамкорликнинг қандай механизми сифатида баҳолаш мумкин?
– Бугунги натижалар шуни кўрсатадики, Маслаҳат учрашувлари Марказий Осиёда ички сиёсий мулоқотни қайта тиклаш ва мунтазам механизмга айлантириш вазифасини бажарди. 2018-2025 йиллар давомида етти учрашув ўтказилди. Энг муҳими, пандемия, Россия ва Украина уруши, Афғонистондаги вазият ўзгариши каби ташқи талвасаларга қарамай, формат тўхтаб қолмади.
Дастлабки босқичда асосий мақсад ишончни тиклаш эди. Кейинчалик ҳуқуқий келишувлар, секторлараро ҳамкорлик, транспорт, сув-энергетика ва “яшил” кун тартибига ўтилди. 2025 йил Тошкентда ўтказилган учрашувда Озарбайжон тўлақонли иштирокчига айланиши эса форматнинг географик ва иқтисодий имкониятларини янада кенгайтирди.
Менимча, энг катта натижа – минтақанинг ташқи кучлар иштирокидаги форматларда фақат алоҳида давлатлар сифатида эмас, тобора кўпроқ яхлит минтақавий субъект сифатида намоён бўлаётганидир. Бугун Марказий Осиё АҚШ, Хитой, Россия, Европа Иттифоқи, Япония, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Форс кўрфази давлатлари билан “Марказий Осиё+” форматларида мулоқот йўлга қўйилган.
– Формат кучайишига қарамай, институционал имконияти чекланганми?

– Ҳа, бу жиддий муаммо. Ҳозирги форматнинг доимий котибияти, алоҳида бюджети ва қабул қилинган қарорларни мажбурий ижро эттириш механизми йўқ. Ҳужжатлар асосан консенсусга таянади, ижрони миллий координаторлар кузатади. Шу боис декларация билан амалий натижа ўртасида тафовут пайдо бўлади.
Бу айниқса савдо, транзит ва техник тўсиқларда сезилади. Давлатлар ўзаро савдони ривожлантириш, транспорт тарифларини уйғунлаштириш ва чегарадан ўтишни соддалаштириш бўйича мақсадларни белгилаётган бўлса-да, санитария ва фитосанитария назорати, чегаралардаги навбатлар, техник регламентлар ўртасида фарқ каби масалалар ҳали бизнес учун тўсиқ бўлиб қолмоқда.
Шунинг учун форматни кучайтириш деганда дарҳол устнационал тузилма яратишни назарда тутиш шарт эмас. Аксинча, босқичма-босқич институционаллашув мақбул. Масалан, аввал раислик қилаётган давлат ҳузурида ротация асосида ишлайдиган мувофиқлаштирувчи марказ ва ягона мониторинг тизимини жорий этиш, кейин эса доимий котибият масаласини кўриб чиқиш мумкин.
– Озарбайжон форматга қўшилиши қандай ўзгаришга олиб келади? Энди “Марказий Осиё бешлиги” атамаси мазмунан эскирдими?
– Озарбайжон тўлақонли иштирокчига айланиши формат географиясини сезиларли ўзгартирди. Илгариги бешлик асосан Марказий Осиё доирасидаги ҳамкорликка таянган бўлса, энди Каспий орқали Жанубий Кавказ ва Европа билан тўғридан-тўғри боғланиш имконияти пайдо бўлди. Шу маънода “Транскаспий олтилиги” модели эҳтимолий сценарий сифатида кўрилади.
Бу аввало транспорт ва энергетикада кенг имконият очади. Ўрта йўлак, Каспий – Қора денгиз – Европа “яшил” энергетика коридори, Озарбайжон – Қозоғистон – Ўзбекистоннинг “яшил” энергетика бўйича ҳамкорлиги каби лойиҳалар олти давлат иқтисодий манфаатини бир нуқтада туташтиради.
– Ўзбекистоннинг минтақадаги сиёсати докладда “стратегик мослашувчанлик” сифатида баҳоланган. Бу ёндашув мамлакатга нима беради ва муайян чегара қаерда?
– 2016 йилдан кейин Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан муносабатда келишувга тайёрлиги сезиларли даражада кучайди. Чегараларни белгилаш, сув-энергетика масалалари, транспорт алоқаларини тиклаш ва иқтисодий ҳамкорликда Тошкент кўп ҳолларда биринчи қадамни ташлади. Буни “ён бериш” эмас, стратегик мослашувчанлик, дея баҳолаш тўғри бўлади. Зеро, бундай сиёсат барқарорлик, бозорларга чиқиш ва узоқ муддатли манфаатга хизмат қилади.
Бу сиёсат қўшнилар томонидан асосан ижобий қабул қилинмоқда. Қозоғистон Ўзбекистоннинг мослашувчанлигини иттифоқчилик муносабати асоси сифатида кўрмоқда. Қирғизистон билан чегара масалаларидаги келишув, Тожикистон билан муносабат яхшиланиши ва Туркманистон билан Амударё ҳамда транзит масалаларидаги ҳамкорлик ҳам шундай ёндашув натижасидир.
– Туркманистон саммитидан нима кутиш мумкин? Бу учрашув олдинги саммитлардан нимаси билан фарқ қилади?
– Туркманистондаги саккизинчи Маслаҳат учрашуви биринчи марта Озарбайжон тўлақонли иштирокчи сифатида қатнашган саммит. Шунинг учун асосий аҳамият – “бешлик”дан “олтилик”ка ўтиш жараёнини амалий мазмун билан тўлдириш. Кун тартибида энергетика, транспорт, Каспий, сув ва Орол масалалари бор. Туркманистон газ йўналиши, ТАПИ, Транскаспий газ қувури ва Каспий инфратузилмасига урғу беради. Ўзбекистон учун эса транспорт йўлаклари, сув-энергетика мувозанати ва Афғонистон билан боғлиқ масалалар алоҳида аҳамиятга эга.
Фикримча, асосийси – қўшма баёнот, транспорт ва энергетика бўйича соҳавий ҳужжатлар ҳамда амалдаги йўл хариталарини бажариш чоралари маъқулланиши. Туркманистоннинг бетарафлик сиёсати ва устнационал мажбуриятга эҳтиёткор муносабати туфайли саммитда кескин институционал бурилиш эҳтимоли юқори эмас. Энг реал натижа – “олтилик” моделини мустаҳкамлаш ва Каспий атрофидаги амалий лойиҳаларни илгари суриш.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди. ЎзА