Марказий банк P2P ўтказмалари учун янги тартиб жорий қилмоқчи
Марказий банк киберхавфсизлик ва фродга қарши талабларни кучайтирмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамли молиявий хизматлар бозори жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда миллионлаб фуқаролар банк хизматларидан мобил иловалар орқали фойдаланмоқда, онлайн тўловлар ва P2P пул ўтказмалари эса кундалик молиявий муносабатларнинг ажралмас қисмига айланди. Шу билан бирга, рақамли технологиялар тараққиёти киберҳужумлар, фирибгарлик (фрод), шахсий маълумотларни ўғирлаш ва ноқонуний молиявий операциялар хавфини ҳам кучайтирмоқда.
Шу муносабат билан Марказий банк жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик ҳамда фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талабларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига эълон қилди.
Амалдаги низом Марказий банк бошқарувининг 2025 йил 23 декабрдаги 35/14-сон қарори билан тасдиқланган бўлиб, 2026 йил 21 январда Адлия вазирлиги томонидан 3759-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Янги таҳрир рақамли банк хизматларидан фойдаланиш хавфсизлигини янада кучайтириш, киберфирибгарлик ҳолатларини қисқартириш ҳамда фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва маблағларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
Қарор лойиҳасидаги асосий янгиликлардан бири мобил банк иловаларида мижозларни рўйхатдан ўтказишда масофавий биометрик идентификацияни мажбурий жорий этишдир. Эндиликда янги мижоз мобил банк иловасидан фойдаланишдан аввал шахсини юз биометрик маълумотлари орқали тасдиқлаши талаб этилади. Бу чора бошқа шахс номидан аккаунт очиш, қалбаки идентификация ва молиявий фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Лойиҳада яна бир муҳим механизм назарда тутилган. Энди мобил иловада рўйхатдан ўтиш вақтида телефон рақами қайси шахс номига расмийлаштирилгани автоматик тарзда текширилади. Агар телефон рақами эгасининг ЖШШИРи мобил иловадан фойдаланувчи шахсникига мос келмаса, банк тизими рўйхатдан ўтиш ёки банк картасини бириктиришга рухсат бермайди.
Фақат телефон рақами ота-она, турмуш ўртоғи, фарзанди, ака-ука ёки опа-синглиси номида бўлиб, қариндошлик расман тасдиқланган ҳолларда истисно тариқасида хизматдан фойдаланиш имконияти сақлаб қолинади. Ҳужжатга мувофиқ, кредит ва тўлов ташкилотлари P2P пул ўтказмаларини тасдиқлаш тартибини ўзларининг антифрод сиёсати асосида белгилайди.
Бунда операциялар OTP-код, антифрод SMS-код ёки бошқа замонавий аутентификация усуллари орқали тасдиқланиши мумкин. Энг муҳим янгиликлардан бири — веб-сайтлар орқали P2P пул ўтказмаларини амалга ошириш тақиқланиши. Мутахассислар фикрича, бу қарор фишинг сайтлари орқали амалга оширилаётган молиявий фирибгарлик ҳолатларини сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади.
Янги тартибга кўра, мобил банк иловасига бошқа телефон ёки қурилмадан кирилганда мазкур аккаунтга бириктирилган барча банк карталари автоматик равишда нофаол ҳолатга ўтказилади. Уларни қайта фаоллаштириш эса фақат бир марталик OTP-код орқали амалга оширилади. Бу механизм аккаунтларни ноқонуний эгаллаб олиш хавфини камайтиришга қаратилган.
Қарор лойиҳасига мувофиқ, агар банк тизими мижознинг мобил қурилмасида вирус, зарарли дастур ёки масофадан бошқариш дастурини аниқласа, фойдаланувчига PUSH-хабар ёки SMS орқали зудлик билан огоҳлантириш юборилади. Бунда банк билан тезкор боғланиш ва ҳолатга ойдинлик киритиш бўйича тавсиялар ҳам тақдим этилади.
Лойиҳада мобил банк иловаларида банк картаси эгасининг исми-шарифи ҳамда пул қабул қилувчи шахс маълумотларини қисман яширилган ҳолда акс эттириш талаби ҳам белгиланмоқда. Бу маълумотларнинг учинчи шахслар қўлига тушиш хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, маълумот алмашинуви жараёнида фақат Transport Layer Security (TLS) протоколининг қўллаб-қувватланадиган версияларидан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланмоқда. Бу эса интернет орқали узатиладиган маълумотларнинг юқори даражада шифрланган ҳолда муҳофаза қилинишини таъминлайди.
Марказий банк томонидан таклиф этилаётган мазкур ўзгартишлар халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган «кўп босқичли ҳимоя» (multi-layer security) тамойилига асосланган. Биометрик идентификация, телефон рақамларини верификация қилиш, икки босқичли тасдиқлаш ва антифрод механизмларини кучайтириш рақамли банк хизматларига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА