Марказ қурилиши бошланди
Самарқандда Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КOIKA) билан ҳамкорликда ташкил этилаётган касб-ҳунарга ўқитиш маркази қурилиши бошланди.
Самарқандда Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КOIKA) билан ҳамкорликда ташкил этилаётган касб-ҳунарга ўқитиш маркази қурилиши бошланди.Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Азиз Абдуҳакимов, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Ким Ин ва бошқалар Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро мустаҳкам ишонч ва дўстликка асосланган ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади. Бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Аҳолини иш билан таъминлаш ва бандлик даражасини ошириш, турли соҳа ва йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш, уларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун кенг имконият яратиш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан ҳамкорлигимиз туфайли бугунги кунда Тошкент шаҳрида фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда, – дейди Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КOIKA) вице-президенти Ким Ин. – Энди Самарқандда ҳам шундай марказ қурилиши бошланди. Бу ерда машинасозлик, пайвандлаш, компьютер технологиялари ва электротехника соҳалари бўйича етук мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган.
Шаҳарнинг Спитамен кўчасида барпо этиладиган марказ учун 6,4 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, қурилиш ишлари Жанубий Кореянинг “Li jin the C” компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг “Em-der – sal-inshaat” қурилиш корхонаси томонидан амалга оширилади.