Мария Тимофеева “China Open — 2026” турнирини ғалаба билан бошлади
Хитойнинг Пекин шаҳрида аёллар ўртасида WTA 1000 туркумига кирувчи “China Open — 2026” халқаро турнири ўтказилмоқда. Унда мамлакатимизнинг энг кучли уч нафар теннисчиси Камилла Раҳимова, Мария Тимофеева ҳамда Полина Кудерметова иштирок этмоқда.
Нуфузли мусобақанинг яккалик баҳсларида теннисчиларимиз орасида Мария Тимофеева чехиялик Дарья Видмановага қарши кортга чиқди ва ҳар иккала сетда бир хил - 6:3 ҳисобида зафар қучди. Шу тариқа, Мария иккинчи даврада япониялик Наоми Осака билан рақобатлашадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Камилла Раҳимова илк даврада испаниялик Марина Бассольс Риберага қарши кортга чиқса, Полина Кудерметова мирслик Маяр Шериф билан биринчи босқичда тўқнашади.
Маълумот учун, “China Open — 2026” турнирининг умумий мукофот жамғармаси 9 миллион 415 минг 725 АҚШ долларини ташкил этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА