“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳибларига эҳтиром кўрсатилди
Навоий машинасозлик заводи ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетидан “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлган Ҳазрат Салимжонов ҳамда Ҳаёт Истамовларга “НКМК” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директорининг табриклари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 июндаги қарорига мувофиқ, Ёшлар куни муносабати билан Навоий машинасозлик заводи муҳандис-технологи Ҳазрат Салимжонов ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети катта ўқитувчиси Ҳаёт Истамовлар “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.

Тадбирларда иштирок этган Навоий кон-металлургия комбинати, Навоий машинасозлик заводи, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети раҳбар-ходимлари уларни табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.

– Биз ёшлар давлатимизнинг юксак эътибори ва ғамхўрлигидан мамнунмиз, – дейди “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Ҳазрат Салимжонов. – Мен 2025 йилда Европанинг “Стартап ампус” дастури гранти соҳиби бўлдим ва ушбу дастур доирасида Венгрия, Германия, Италия ҳамда Францияда малакамни оширдим. Бу тажриба менинг илмий ва муҳандислик фаолиятимни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди. Шу билан бирга, муҳандислик фаолиятим билан бирга, сўнгги етти йил давомида вилоятимиздаги мингдан ортиқ ўқувчига робототехника ва сунъий интеллект йўналишларида билим бериб келмоқдаман. Бу рағбат ва ишонч жонажон Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилишга чорлайди.

Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинати тизимида қарийб 12 минг нафар ёш ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Улар замонавий корхоналар, техника ва технологияларни бошқариб, ўзларининг етакчилик салоҳиятлари, илғор ғоя ва таклифлари билан ишлаб чиқариш суръатини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу, албатта, корхона келажаги ишончли қўлларда эканидан далолат беради.
А.Бўриев, ЎзА мухбири