Манфаатдорлик – самарадорлик омили
Бухородаги “Daewoo Textile Bukhara” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонада тайёрланаётган ип-калавалар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Бухородаги “Daewoo Textile Bukhara” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонада тайёрланаётган ип-калавалар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда. Шу боис унинг 80 фоиздан ортиғи жаҳоннинг йигирмага яқин мамлакатига экспорт қилинаётир.Ҳавас қилса арзигулик бу каби ютуқларнинг омиллари кўп. 800 га яқин ишчи меҳнат қилаётган корхона цехлари энг замонавий асбоб-ускуналар, йигирув ва ўров дастгоҳлари билан жиҳозланган. Мутахассисларнинг касб малакасини оширишга катта эътибор қаратилаётгани технологик жараёнларнинг барқарорлигини таъминлаётир.
Яна бир муҳим жиҳат – корхона ишчи-хизматчилари манфаатини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш масалалари доимий эътиборда тургани билан боғлиқ.
“Daewoo Textile Bukhara”да корхона маъмурияти, яъни иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2012-2014 йиллар учун тузилган жамоа шартномаси тадбирларининг ўтган йилги ижросига бағишлаб ўтказилган конференцияда шулар ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда қайд этилганидек, 2014 йили корхонада ишчи-хизматчилар ва пенсионерларни ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилган. Мисол учун, 12 нафар ходимнинг саломатлигини тиклашига, оила қурган шунча ёшга моддий ёрдам кўрсатилган. Иш стажи юқори бўлган ходимларни рағбатлантиришга 4 миллион сўм сарфланган.
– “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талаблари ижросини доимий мониторинг қилиб борамиз, – дейди “Daewoo Textile Bukhara” касаба уюшма қўмитаси раиси Воҳида Ҳамроева. – Бунда жамоатчилик назорати ўрнатилгани яхши самара бераётир. Бу борадаги тажрибамиз эътирофга лойиқ кўрилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан 2014 йили ўтказилган кўрик-танловда “Энг яхши корхона” номинацияси бўйича совриндор бўлдик.
Конференцияда “Daewoo Textile Bukhara” маъмурияти, яъни иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2015 – 2017 йилларга мўлжалланган жамоа шартномаси тузилди. Унда иқтидорли ёш мутахассисларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамоа аъзоларини соғломлаштириш тадбирлари кўламини кенгайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.