Бугун юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ўз бизнесини юритиш истагида юрган инсонларни қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Тадбиркорнинг фаолиятига тўсиқ бўладиган муаммоларга ечим топиш учун кўплаб ҳуқуқий -норматив ҳужжатлар, қарор ҳамда фармонлар қабул қилинмоқда. Яъни юртимизда ҳалол бизнес юритиш учун қилинадиган тўсиқлар, ноқулайликларни ҳал этиш юзасидан давлат органлари масъуллиги оширилди.
Яқинда Рақобат қўмитаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармасига “ENERGOMER SERVIS” МЧЖ томонидан мурожаат келиб тушди. Унда тадбиркор Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси буюртмачилигида ўтказилган “энг яхши таклифларни танлаш” савдосидан асоссиз четлаштирилганини билдирган ва савдо натижаларини қонун доирасида ўрганишни сўраган.
Мазкур мурожаат юзасидан Қўмита ўрганиш ишларини олиб борди. Натижада савдо жараёнида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 29-моддаси ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 32-, 46- ва 61-моддалари талаблари бузилганлиги аниқланди.
Аниқланган қонунбузарликлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасига нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Шунингдек, қонунбузилишига йўл қўйган масъул мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА