Мамлакатнинг энг сара полвонлари Тошкентда курашди
Пойтахтимизда эркин кураш бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубоги ўз якунига етди ҳамда барча ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган юз нафардан ортиқ полвонлар иштирок этган мусобақанинг -61 кг. вазн тоифаси финал баҳсида Беҳрузбей Туранмурадов Абдуллоҳ Ҳабибуллаев устидан ғалаба қозонди. Уларга ярим финалда имкониятни бой берган Алпамис Хидирниёзов ва Шаҳрам Каримов бронза медалга сазовор бўлди.

Вазни 70 килограммгача бўлган эркин курашчилар ўртасида Муҳаммадқодир Қўлдошев, Комилжон Юсупов, Маримбой Олимов ва Ихтиёр Нормуродов кучли учликдан жой олди. -79 кг. вазнда Сардор Худоёров олтин, Жафар Чўлибоев кумуш, Жафар Жалилов ва Ҳумоюн Ҳошимов бронза медаллари билан тақдирланди.
Шунингдек, Садриддин Даминжонов, Соҳиб Ҳасанбоев, Аскар Алламбергенов ва Сулаймон Вейсалов -92 кг.да, Намоз Абдурашидов, Сардорбек Холматов, Отабек Назирбоев ҳамда Айназар Базарбаев -125 кг.да ғолиб ва совриндорларга айланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА