Мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнида касаба уюшмалари ҳам фаол қатнашмоқда
11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни
Пойтахтимиздаги “Чинобод плаза” санаторийси ҳудудида янги барпо этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари мажлислар залида 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан кўп йиллардан бери мамлакат касаба уюшмалари тизимида меҳнат қилиб, бугунги кунда ҳам ёш авлод камолотига муносиб ҳисса қўшиб келаётган касаба уюшма фахрийлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, тасарруфдаги ташкилотлар мутасаддилари, Республикамиз ҳудудларидан ташриф буюрган касаба уюшма фахрийлари, Федерация томонидан ўтказилган қатор танловлар ғолиблари қатнашди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов иштирокчиларни мамлакатимизда кенг нишонлаб келинаётган 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан қутлаб, юртимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини халқаро ҳамжамият вакиллари ва экспертлар ҳам эътироф этаётганини таъкидлади.
Айтиш керакки, мамлакатимиздаги туб ижобий ўзгаришлар жараёнида энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, ижтимоий шериклик ва мулоқот тамойиллари асосида меҳнат аҳлининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бунга охирги 7-8 йил давомида давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида трипартизм шаклидаги ижтимоий шерикликнинг юқори босқичга кўтарилгани ҳам ёрқин далилдир. Бунинг натижасида “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди. Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Федерация тизимида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ташкил этилди. Шунингдек, Малака ошириш институти, Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи, Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси, Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти ташкил қилинди.
Тизимда мавжуд 18 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи сони 107 тага етказилди. 2016 йилда касаба уюшмалари тизимида 17 та санаторий фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 32 тага етди. Жаҳон стандартларига тўла жавоб берувчи “Касаба уюшмалари сув спорти саройи” фойдаланишга топширилди. Яна бир муҳим жиҳат, охирги йилларда касаба уюшма аъзолари сони 7 миллион нафардан ошди.
Касаба уюшма мутахассислари ва фаолларининг салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар натижасида куни кеча мамлакатимизда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар натижаларига кўра 52 нафар касаба уюшма ходимлари ва фаоллари туман ва шаҳар кенгашларига, 17 нафар касаба уюшма ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Жоқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига депутатликка сайланди. Бу халқимизнинг касаба уюшмаларига бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат.

Ушбу эришилган натижалар Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихида янги саҳифани бошлаб берди. Шуни ҳам қайд этиш зарурки, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Ишчи гуруҳи мамлакатимиздаги фахрийлар, касаба уюшмалари тарихи билан шуғулланган олимлар, тарихчилар билан иш олиб бориш баробарида, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб, архив материаллари асосида мамлакатимизда касаба уюшмаларининг илк қалдирғочлари 1905 йилда пайдо бўлганини исботловчи асосли далилларни топди.
Айни кунда 2025 йилда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллигини кенг нишонлашга кенг кўламли тайёргарлик ишлари бормоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда касаба уюшмалари фаолияти самарадорлигини ошириш, ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимларини жорий этиш каби йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Тантанали тадбирда анжуманга таклиф этилган, касаба уюшмалари тарихида ўзига хос ўрин тутган ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фидойи касаба уюшма фахрийларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси “Фахрий ёрлиғи” ва эсдалик совғалари топширилди.
Кейинги йилларда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан якунланаётган йилнинг сарҳисоби сифатида ўзининг муносиб меҳнатлари билан Ватанимиз равнақига, халқимиз фаровонлигига, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига муносиб ҳисса қўшган энг фаол, фидойи ва ташаббускор инсонлар меҳнатини эътироф этиш анъанага айланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишлаб ўтказилган касаба уюшмалари фахрийлари билан учрашув тадбири доирасида Ватанимиз равнақи йўлида бор имкониятларини ишга солиб, фидокорона меҳнат қилаётган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, кўп йиллик илғор иш тажрибасига эга бўлган инсонларни эъзозлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилган турли ижтимоий лойиҳалар ва кўрик-танловлар ғолиблари ҳам тақдирланди.
Дастлаб “Энг яхши ижтимоий шерик” номинацияси ғолиблари муносиб тақдирланди. “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” юзасидан ўтказилган республика кўрик-танлови ҳамда Республика олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Меҳнат ҳуқуқи ёшлар нигоҳида” танлови ғолибларига мукофотлар топширилди.

Шундан сўнг болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ўртасида ўтказилган кўрик-танловлар ғолиблари, хусусан, «Энг намунали оромгоҳ раҳбари», “Энг намунали оромгоҳ”, “Энг намунали катта тарбиячи”, Энг намунали тарбиячи”, “Энг намунали етакчи”, “Энг намунали тўгарак раҳбари, “Энг фаол ҳудудий касаба уюшмалари Кенгаши”, “Энг фаол тармоқ касаба уюшмалари Кенгаши”, “Энг фаол ҳамкор ташкилот” номинациялари ғолиблари рағбатлантирилди.
Қувончли лаҳзалар “Энг яхши санаторий” номинацияси ғолибини тақдирлаш билан давом этди. Шунингдек, “Энг яхши спорт мураббийси”, “Энг яхши спортчи”, “Энг яхши қурувчи”, “Энг яхши журналист”, “Энг яхши шифокор”, “Энг яхши ҳамшира”, “Энг яхши қурилиш муҳандиси”, “Энг яхши ошпаз”, “Энг яхши сервис хизмати кўрсатиш ходими”, “Энг яхши лойиҳачи”, “Энг яхши молиячи”, “Энг яхши меҳмонхона раҳбари”, “Энг яхши ўқитувчи”, “Энг намунали талаба”, “Энг яхши иш бошқарувчи”, “Яшил макон фидойиси” номинациялари ғолиблари мукофотланди.
Барча кўрик-танловлар ва номинациялар ғолибларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси дипломи ва байрам совғалари топширилди.
Байрам тадбири якунида касаба уюшма фахрийлари ва фаоллар, танловлар ғолиблари ҳам ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан ўртоқлашди.
Н.Усмонова, ЎзА