Мактаб ошхонаси: ўсмирларнинг 25 фоиздан ортиғи ортиқча вазн ёки семизликдан азият чекмоқда
Ёш авлод саломатлиги ва интеллектуал салоҳиятини таъминлашда тўғри овқатланиш ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мактабларда соғлом овқатланиш тизимини шакллантириш масаласи бугун нафақат таълим, балки соғлиқни сақлаш ва ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Тошкент шаҳрида БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) ҳамкорлигида болалар ва ўсмирлар учун мактаб овқатланиши ҳамда соғлом озиқ-овқат муҳитларини ривожлантиришга бағишланган илк Миллий экспертлар мулоқоти ўтказилди. Унда соҳадаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу мавзу ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки, мактаб ёшидаги болаларнинг овқатланиш одатлари уларнинг келгусидаги саломатлиги ва ҳаёт тарзига бевосита таъсир кўрсатади. Бироқ мамлакатимизда ҳар 6 та мактабдан фақат биттасида овқатлантириш хизмати йўлга қўйилган, аксарият таълим муассасаларида эса шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган маҳсулотлар эркин сотилмоқда.
Ўсмирларнинг 25 фоиздан ортиғи ортиқча вазн ёки семизликдан азият чекмоқда. Бу эса келгусида юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет каби сурункали хасталиклар хавфини ошириши билан хавотирлидир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мактабларда носоғлом озиқ-овқат муҳитининг сақланиб қолаётгани болаларнинг тўғри овқатланиш кўникмаларини шакллантиришга жиддий тўсиқ бўлмоқда.
Экспертлар мулоқотида таъкидланганидек, мактаб овқатланишини ривожлантириш инсон капиталига йўналтирилган стратегик сармоя ҳисобланади. Бу нафақат болалар саломатлигини мустаҳкамлайди, балки уларнинг ўқишдаги натижалари ва келгусидаги меҳнат самарадорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис, соҳада ягона сиёсат юритиш, стандартларни кучайтириш ва турли тармоқлар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш долзарб вазифа сифатида белгиланди.
Хусусан, мулоқот доирасида мактаб озиқ-овқат муҳитини баҳолаш ва ўсмирлар овқатланиши бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижалари асосида амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, соғлом ва хавфсиз овқатланиш тизимини жорий этиш, шунингдек, болалар учун тенг имкониятларни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Дарҳақиқат, мактабларда соғлом овқатланиш муҳитини яратиш бугунги кунда фақат бир соҳанинг эмас, балки бутун жамиятнинг устувор вазифасига айланмоқда. Бу борада тизимли ислоҳотларни амалга ошириш, назоратни кучайтириш ва барча манфаатдор томонлар ўртасида ҳамкорликни таъминлаш орқали келгусида соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга мустаҳкам замин яратилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА