Мактаб директорлари тажриба алмашди
Андижон шаҳридаги Президент мактабида “Замонавий мактаб лидерлар нигоҳида” лойиҳаси доирасида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти таълим муассасалари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур семинарда агентлик тизимидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган, шунингдек, умумтаълим мактаблари директорлари иштирок этиб, замонавий мактабни шакллантириш, таълимни ривожлантириш йўлидаги устувор мақсад, йўналиш ва янгича ёндашувлар хусусида атрофлича сўз юритди.
– Семинар-тренингни ўтказишдан кўзланган мақсад, Агентлик тизимидаги мактаблар директорларининг таълимни ривожлантириш борасидаги тажриба ҳамда илғор иш услублари билан умумтаълим мактаблари раҳбарларини таништириш, бу борадаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашишга кўмаклашишдан иборат, – дейди Президент таълим муассасалари агентлиги Андижон вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи Расулжон Каримов.– Қолаверса, бутун мактаб жамоасини бир мақсад атрофида бирлаштира оладиган, замон билан ҳамнафас ҳақиқий лидер раҳбарларни шакллантириш кўзда тутилган.
[gallery-10501]
Семинарда мавзу доирасида қизиқарли маърузалар тингланди. Мутахассислар томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таълимни ривожлантириш йўлидаги устувор мақсад ва вазифалари, янгича ёндашувлар, мактабни ривожлантириш стратегиясини шакллантиришда таълим тизимининг энг муҳим мақсад ва қадриятларини асос қилиб олиш, мактаб жамоасини жалб этиш бўйича иштирокчиларга кенг тушунчалар, бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Иштирокчиларнинг фаоллиги ва лидерлик кўникмаларини бойитишга қаратилган қизиқарли машғулотлар, интерфаол ўйинлар ўтказилди.
– Семинарда иштирок этиб жамоада соғлом муҳит яратиш, шунингдек, самарали таълим тамойиллари ҳамда лидерлик кўникмаларимизни ривожлантириш бўйича кўп нарсаларни ўргандик, – дейди Андижон шаҳридаги 45- умумтаълим мактаби директори Назира Абдуллаева. – Бу албатта, келгуси фаолиятимизни янада самарали юритишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир иштирокчилари мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА