Маҳкумларга узоқ муддатли учрашув хоналари ташкил этилди
Омбудсман тавсиясига кўра, Бухородаги тергов ҳибсхонасида маҳкумлар учун узоқ муддатли учрашув хоналар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддасига кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга қисқа муддатли ва узоқ муддатли учрашув ҳуқуқи берилган. Амалдаги тартибга кўра, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар йил давомида яқин қариндошлари билан 6 марта қисқа ва 6 марта узоқ муддатли учрашувлардан фойдаланишлари мумкин.
Баъзи маҳкумлар жазо муддатини хўжалик ишларига жалб қилинган ҳолда тергов ҳибсхоналарида ўтайди. Лекин, барча тергов ҳибсхоналарида ҳам узоқ муддатли учрашувлар учун зарур шароитлар яратилмаган.
– Бухоро шаҳрида жойлашган 4-сон тергов ҳибсхонасида ўтказилган мониторингда айнан шу ҳолат аниқланди, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили А.Хусейнова. – Шундан сўнг, маҳкумлар учун узоқ муддатли учрашув хоналарини ташкил этиш бўйича Омбудсман тавсиялари тайёрланиб, тегишли идораларга киритилган эди. Натижада тергов ҳибсхонасида маҳкумлар учун узоқ муддатли учрашув хоналари ташкил этилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.