Маҳаллаларга истиқлол туҳфаси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги тегишли қарорига мувофиқ, йил давомида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳаллалар”да замонавий маҳалла кутубхоналарини ташкил этиш белгиланган.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Марказий банк ҳамкорлигида “Маҳалла кутубхонаси” ташаббуси йўлга қўйилди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” эзгу ғояси асосида “Китоб карвони” маърифий акцияси ташкил этилди.
Лойиҳа доирасида республика бўйлаб инфратузилмаси, ободонлиги ва маънавий муҳити билан алоҳида ажралиб турадиган Янги Ўзбекистон қиёфасидаги 35 та намунали маҳалла танлаб олиниб, ушбу маҳаллаларда ташкил этилган замонавий кутубхоналарга жами 35 минг нусха китоб топширилди.
Китоблар жаҳон ва ўзбек мумтоз ҳамда замонавий адабиёти, илмий-оммабоп, соҳавий ва болалар адабиётининг сара намуналаридан таркиб топган. “Китоб карвони”нинг тантанали тадбири Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг бош биносида ўтказилди.
[gallery-31102]
Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, маърифатпарвар зиёлилар, маҳалла фаоллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбир доирасида китобларни маҳаллаларга тантанали топшириш, китобхонлик маданияти ва маҳалла кутубхоналарининг аҳоли ҳаётидаги аҳамияти ҳақида мулоқотлар ўтказилди.
Мазкур ташаббус мустақиллигимизнинг 35 йиллигига муносиб маърифий совға бўлиб, мамлакатимизда “маҳаллабай” ёндашув асосида маънавий-маърифий муҳитни юксалтиришга қаратилган муҳим қадамдир. Зеро, китоб бор жойда тафаккур, билим ва эзгу мақсадлар қарор топади. “Китоб карвони” орқали 35 та маҳаллага етказилаётган 35 минг китоб нафақат кутубхона жавонларини, балки юртдошларимизнинг қалби ва тафаккурини ҳам бойитишга хизмат қилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади — маҳаллаларни аҳолининг маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондирувчи, китобхонлик ва интеллектуал ривожланишни қўллаб-қувватловчи масканларга айлантириш. Шу билан бирга, ташаббус шаҳар марказларидан тортиб чекка ва олис ҳудудлардаги маҳаллаларгача сифатли адабиётлардан бепул фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Кутубхоналарнинг бойитилиши ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларда мутолаа маданиятини шакллантириш, билим ва дунёқарашини кенгайтириш ҳамда маҳаллаларда маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашга замин яратади. Зеро, китобдан яхшироқ совға йўқ!
Н.Усмонова,
Алимурод Мамадаминов (суратлар),
ЎзА мухбирлари