Маҳалладан бошланаётган ислоҳотлар
Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда инсон капиталига сармоя киритиш, айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди. Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳар бир маҳаллада ёшларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ва муносиб ҳаёт кечириши учун мустаҳкам ҳуқуқий ҳамда амалий механизмлар яратилмоқда.
Бу ислоҳотларнинг амалдаги натижаларини жойларда ўрганиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда ҳар бир ёшнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Навоий вилоятининг Хатирчи, Кармана ва Қизилтепа туманларида бўлди. Ташриф давомида таълим, тадбиркорлик ва замонавий инфратузилма объектлари фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгилаб олинди.
Хатирчи туманидаги Фаровон маҳалласида жойлашган Ёшлар маркази ва IT Park фаолиятининг йўлга қўйилганлиги мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг маҳаллаларгача кириб борганидан далолат. Учрашувда “Miraedu” стартап лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, “Кўмак” лойиҳаси орқали ташкил этилган “Saturn” ва “Ne'matov Academy” ўқув марказлари ҳамда “Ҳумо” ун заводи фаолиятини ўрганиш жараёнида ёшларнинг касбий тайёргарлигини кучайтириш, уларни иш билан таъминлаш ва янги тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш юзасидан аниқ режалар белгилаб олинди.

Кармана туманидаги ўрганишлар давомида Бешкент маҳалласида барпо этилиши режалаштирилаётган Ёшлар маркази, замонавий спорт майдончалари, 24/7 кўча, дам олиш масканлари ва 240 ўринли Маданият маркази қурилиши кўздан кечирилиб, ёшлар учун муносиб ижтимоий муҳит яратиш масалалари муҳокама қилинди. Бундай мажмуалар нафақат ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этади, балки уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Ташриф давомида маҳаллада ўқув маркази ташкил этиш ташаббуси билан чиққан ёшнинг таклифига алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳани амалга ошириш учун масъуллар бириктирилиб, амалий ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқлар берилди.

Қизилтепа туманида ўтказилган мулоқотлар эса иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири – ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга бағишланди. Ўз бизнесини муваффақиятли йўлга қўйган ёшлар тажрибаси ўрганилиб, янги тадбиркорлик қилиш истагидаги ёшларга “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси” имкониятлари, имтиёзли молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ва янги лойиҳалар ҳақида батафсил тушунчалар берилди.

Албатта, бу каби амалий мулоқотлар ва манзилли ёндашув ҳар бир маҳаллада билимли, ташаббускор ва рақобатбардош ёшлар қатламини шакллантириш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган авлодни вояга етказишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири