Маҳалла еттиликлари учун очиқ мулоқот ўтказилди
Энг намунали маҳалла еттиликлари иштирокида долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигида уюшма бошқарма бошлиқлари, 14 та ҳудуддан маҳалла еттиликлари ҳамда тизим мутасаддилари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган истиқболдаги режалар ва таклифлар муҳокама қилинди.
Хусусан, маҳаллаларда томорқачиликни ривожлантириш, маҳаллаларнинг фаол ҳомийларини махсус реестрга киритиш ва уларни давлат мукофотларига тавсия этиш ва уларни рағбатлантириш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, "Рақамли маҳалла" платформасида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини платформага интеграция қилиш ҳамда реестрга киритилмаган фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратиш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда ёшларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш, чорвачилик ва сутчиликни ривожлантириш, маҳалла сервис компаниялари фаолиятини кенгайтириш ҳамда маҳалла еттиликлари учун махсус телеграм-бот яратиш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Учрашув якунида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш маҳалла тизими самарадорлигини ошириш ва аҳолининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Н.Усмонова,
ЎзА