Маҳалла еттилиги – муҳим ижтимоий институтлардан бири
«Ягона халқ, ягона Ватан, ягона мақсад!»
Шу йил 21 июлда давлат раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда “маҳалла еттилиги” фаолиятига алоҳида тўхталиб, ютуқлар билан бирга муаммо ва камчиликлар айтиб ўтилди. Еттилик фаолиятини янада самарали ташкил этиш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Бу бежиз эмас. Чунки бугун “маҳалла еттилиги” тизими ҳар бир маҳалла ва ҳудудда тинчлик-осойишталикни сақлаш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳалладаги катта-кичик муаммоларни, оилавий низоларни ҳал этиш, хотин-қизлар ва ёшларни ҳимоя қилиш ва бандликни таъминлаш каби қатор масалаларда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан ушбу йўналишдаги ислоҳотларга назар ташлар эканмиз, бугун маҳалла еттили аҳолимизнинг энг яқин кўмакчисига, ҳимоячисига айланганини кўрамиз.
Ушбу тузилманинг мамлакатимиз ва жамиятимиз ривожидаги ўрни ва аҳамияти борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси аъзоси Наврўзбек Юсупов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

— Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институтини янада мустаҳкамлаш, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва ваколатларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “маҳалла еттилиги” тизими шакллантирилди. Ушбу тизим маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий масалаларни комплекс ёндашув асосида ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Маҳалла еттилиги давлат органлари билан аҳоли ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, ҳар бир оиланинг, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг эҳтиёж ва муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни манзилли ҳал этиш механизмларини такомиллаштиради.
Маҳалла еттилиги маҳалладаги турли соҳалар учун масъул вакилларнинг ҳамкорликдаги фаолиятига асосланган тизим бўлиб, аҳолининг ижтимоий муҳофазаси, бандлиги, ҳуқуқий онги, ёшлар тарбияси, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш каби вазифаларни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Бундай ёндашув маҳалладаги муаммоларни алоҳида эмас, балки ўзаро боғлиқ ҳолда кўриб чиқиш имконини беради. Натижада аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, давлат хизматларини манзилли етказиш ва ижтимоий дастурларнинг самарадорлигини оширишга эришилмоқда.
Маҳалла еттилигининг муҳим вазифаларидан бири эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг турмуш шароитини яхшилашдан иборат. Бу аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий тенгликни таъминлашга хизмат қилади.
Маҳалла даражасида аҳолининг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва имтиёзли молиявий имкониятлардан фойдаланишга кўмаклашиш маҳалла еттилигининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Бу маҳаллий иқтисодий фаолликни ошириш ва аҳоли даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади.
Ёшларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорини рўёбга чиқариш ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам маҳалла еттилиги фаолиятининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Бу оила мустаҳкамлиги ва жамият тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, еттиликнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик профилактикаси, оилавий низоларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги устувор вазифалари ҳам бугуннинг энг долзарб масалалардан. Бу маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, маҳаллада миллий қадриятлар, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш борасидаги фаолият ҳам маҳалла еттилиги зиммасидаги муҳим йўналишлардандир. Маҳалла еттилиги аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш, давлат органлари фаолияти билан жамоатчилик ўртасида самарали мулоқотни таъминлаш ва қабул қилинаётган қарорларнинг ҳаётга татбиқ этилишини назорат қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда, маҳалла еттилиги мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим ижтимоий институтларидан бири сифатида шаклланди. Аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, бандликни таъминлаш, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда еттиликнинг фаол саъй-ҳаракати алоҳида аҳамиятга эга.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА