Мадина Мухторова жаҳон рекордини ўрнатди
Чехиянинг Оломоуц шаҳрида пара енгил атлетика бўйича халқаро Гран-при мусобақаси бошланди.
Ўзбекистон пара енгил атлетикасида яна бир унутилмас кун. Чехияда ўтказилаётган халқаро Гран-при мусобақасида Мадина Мухторова бир неча ой аввал ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янада яхшилаб, нафақат олтин медални, балки дунёдаги энг яхши натижа муаллифи мақомини ҳам мустаҳкамлади.
Аёллар ўртасидаги F40 классида диск улоқтириш баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз Мадина Мухторова снарядни 25,71 метр узоқликка улоқтириб, жаҳон рекордини яна бир бор янгилади.
Бу натижа билан Мадина нафақат мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди, балки шу йил май ойида Швейцариянинг Нотвиль шаҳрида ўзи қайд этган 25,58 метрлик жаҳон рекордини ҳам ортда қолдирди.
Қисқа вақт ичида икки марта дунё рекордини янгилаш ҳар қандай спортчи учун улкан ютуқ ҳисобланади.
Эътиборлиси, ҳар бир янги стартда ўз натижасини яхшилаб бораётган ёш спортчи келгусида ҳам халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир эканини яна бир бор намоён этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА