Мадҳия янграганда
Мадҳия янграган лаҳзада минглаб қалбларда бир ажиб туйғу уйғонади — Ватан туйғуси. Унинг ҳар бир оҳангида халқнинг орзуси, кечмишининг садоси, бугунининг ғурури ва эртанги кунига ишончи мужассам. Шу боис давлат рамзларига ҳурмат — шунчаки одоб қоидаси эмас, балки мустақилликни англаш, Ватанни қадрлаш ва миллий ўзликни асрашнинг юксак ифодасидир.
Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари — Давлат байроғи, Давлат герби ва Давлат мадҳияси халқимизнинг миллий ўзлиги, тарихий хотираси, орзу-интилишлари ва мустақил давлат сифатидаги қадр-қимматини ўзида мужассам этган муқаддас тимсоллардир.
Бугун ёш авлод қалбида ана шу рамзларга чексиз ҳурмат ва ифтихор туйғусини шакллантириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ўз байроғини ардоқлаган, герби ва мадҳияси мазмунини англаган ёш ўз Ватани тақдирига ҳам бефарқ бўлмайди.
Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилояти Кенгаши ташаббуси билан Пешку Жамоат саломатлиги техникумида “Миллий мадҳия — миллий ғуруримиз” шиори остида маънавий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди. Унда партия фаоллари, туман ҳокимлиги масъуллари ҳамда техникум талабалари иштирок этишди.
Тадбир давомида давлат рамзларининг мазмун-моҳияти, уларнинг мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти хусусида атрофлича фикр юритилди.


Айниқса, давлат рамзлари мустақил Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий мақоми, миллий қадриятлари ва халқимизнинг Ватанга бўлган садоқатини ифода этувчи муқаддас тимсоллар экани таъкидланди. Зеро, байроқ — юртнинг шаъни ва ғурури, герб — давлатнинг тарихий ва маънавий қиёфаси, мадҳия эса халқнинг қалб садосидир.
Давлат мадҳияси ҳақида сўз кетганда эса бу туйғу янада теранлашади. Унда халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари, она Ватанга муҳаббати, юрт келажагига ишончи ва фахр-ифтихори мужассам. У янграганда инсон беихтиёр қаддини тиклайди. Бу оддий ҳаракат эмас. Бу — “Мен шу юрт фарзандиман” деган ички ифтихорнинг намоёни.
Шу боис ёшларни давлат рамзларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англатиш ватанпарвар, фаол ва фуқаролик масъулиятини ҳис этадиган авлодни камолга етказишда муҳим аҳамиятга эга.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, миллий қадриятларга ҳурматини мустаҳкамлаш ва жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бугунги каби маънавий-маърифий тадбирлар ана шу эзгу мақсадларнинг жойлардаги амалий ифодасидир.
Давра суҳбатида талабалар билан давлат рамзлари бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашилди, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди. Бундай очиқ мулоқотларнинг аҳамияти шундаки, ёшлар тайёр маълумотни шунчаки эшитибгина қолмай, ўз фикрини билдириш, савол бериш ва давлат рамзларининг ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида мустақил мушоҳада юритиш имконига эга бўлишади.


Чунки ватанпарварликни фақат шиорлар билан шакллантириб бўлмайди. У аввало инсоннинг қалбида туғилиши, билими ва ҳаётий қарашлари билан мустаҳкамланиши керак.
Тадбир якуни эса яна бир эзгу анъана — фидойи инсон меҳнатини муносиб қадрлаш билан давом этди.
Партия фаолиятида фаол иштирок этиб, “Адолат” социал-демократик партияси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Фарҳод Болтаевнинг меҳнати эътироф этилди. Унга партиянинг “Адолат” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Бу эътироф бир инсоннинг меҳнатига берилган баҳо бўлиш билан бирга, партия сафида фидойилик билан хизмат қилаётган фаолларга ҳурмат ва эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Аслида, давлат рамзларига ҳурмат инсоннинг Ватанга муносабатини намоён этади.
Байроқ ҳилпираганда, гербимизга кўз тушганда, мадҳиямиз янграганда қалбимизда уйғонадиган ифтихор туйғуси — бу мустақилликнинг маънавий мевасидир.
Шунинг учун бу туйғуни ёш авлодга сингдириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Чунки бугун рамзларга ҳурмат билан қараган ёш эртага Ватан тақдирига масъулият билан ёндашади.
Мадҳия — шунчаки қўшиқ эмас. У халқнинг қалбидан чиққан Ватан садосидир. У янграганда ҳар бир юракда “Ўзбекистон” деган буюк туйғу яна бир бор жўш уради. Ана шу туйғуни асраш, уни авлоддан авлодга етказиш — барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири