Маданият вазирлиги фаолияти таҳлил этилди
Пойтахтимизда сўнгги йилларда маданият соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида ҳамда “Арда” ҳужжатли фильмининг тақдимоти юзасидан ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда эътироф этилганидек, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бошланган ислоҳотларда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда миллий маданиятимизни жаҳонга танитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда бутун жамоатчилик ва халқимизни ўйлантираётган масалалар – санъаткорлар тўй-тадбирларга оид фаолияти бўйича солиққа тортилиши, ижтимоий тармоқларда айрим блогерларнинг маънавиятимизга зид хатти-ҳаракатларига оид роликлар юзасидан алоҳида матбуот анжуманига ҳозирлик кўрилаётгани маълум қилинди.
Ўзбекистонда илк маротаба сунъий интеллект асосида тайёрланган “Арда” ҳужжатли фильми ҳақида ҳам маълумот берилди. Хоразм тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу картина яқин кунларда намойиш этилади. У илк бора сунъий интеллект асосида яратилган бўлиб, барча маълумотлар тарихий ва асосли манбаларга эга.
Давлатимиз раҳбарининг Хоразм вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида ҳам бу қадимий диёрнинг бетакрор салоҳияти, туристик мажмуаларнинг кўплиги ва жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
“Арда” ҳужжатли фильми Хива тарихи, цивилизацияси кўрсатилган сунъий интеллект орқали яратилган реалистик тасвирли илк фильм бўлиб, у 2 ой давомида ишланган. Фильмда 15га яқин ижодий жамоа иш олиб борди. Мазкур ҳужжатли фильм Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтининг Хоразм тарихи бўйича мутахассислари билан ҳамкорликда тайёрланди.
Картинада мамлакатимиздаги илк цивилизация, дин ва маданият ривожланиши, тарихий обидалар қурилиш даври, ўтмишнинг мураккаб силсилалари ўзига хос тарзда акс эттирилган. Ҳозирда Ўзбекистон тарихи, Амир Темур ҳақида қисқа метражли фильмлар устида иш бошланган.
Н.Усмонова, ЎзА