Лозанна турнирининг иккинчи кунида 4 нафар дзюдочимиз совринли ўринларга даъвогарлик қилади
Бугун, 29 август куни Швейцариянинг Лозанна шаҳрида дзюдо бўйича давом этаётган "Катта дубулға" туркумига кирувчи “Lausanne Grand Slam 2026” халқаро мусобақасида эркаклар -73 ва-81 килограммда, дзюдочи қизлар -63 ҳамда -70 кило оғирликда беллашади.
77 давлатнинг 513 нафар маҳоратли дзюдочи йигит-қизлари иштирок этаётган халқаро турнирнинг ортда қолган илк кунги беллашувларида Ўзбекистон терма жамоасининг 8 нафар аъзоси совринли ўринларга даъвогарлик қилган бўлса, ҳамюртларимиздан Самариддин Қўчқоров (-60) ва Сўғдиёна Рафкатова (-52 ўтиш баҳсларида рақибларини мағлуб этиб, финал дастурида бронза медали учун курашиш имкониятига эга чиқди.
Чорак финалда Самариддин Қўчқоров украиналик Дилшот Халматовни, Сўғдиёна Равкатова россиялик Лилия Нугаевани таслим эта олди.

Бронза медали учун кечган баҳсда Самариддин Қўчқоров қозоғистонлик Шерзод Давлатовни енгиб, терма жамоамизга нуфузли турнирнинг бронза медалини тақдим этиш асносида ёзги Олимпия ўйинлари йўлидаги муҳим рейтинг очколарини қўлга киритди.
Сўғдиёна Рафкатова эса мураккаб ва кучли руҳий босим остидаги беллашувда бразилиялик Рафаэла Родригесга йўл берган ҳолда 5-ўрин билан кифояланди.
Бугун кун давомидаги беллашувларда терма жамоамиз аъзоларидан Арслонбек Тожиев -81 кило оғирликда, дзюдочи қизларимиздан Маржона Нуруллоева -63 килограмм вазн тоифасида, Хуршида Раззоқбердиева ва Ширинжон Юлдашева -70 килограммда ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Арслонбек Тожиев саралаш мусобақасининг илк баҳсида германиялик Максим Малшч қаршилигини енгишга ҳаракат қилса, Маржона Нуруллоева чехиялик Рената Зачова, Хуршида Раззоқбердиева россиялик Тамара Лишченко, Ширинжон Юлдашева польшалик Катарзина Собиерайска билан рўбарў келади.
Эслатиб ўтамиз, "Катта дубулға" туркумига кирувчи “Lausanne Grand Slam 2026” халқаро турнирида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоада 1 та бронза медали билан 77 давлат орасида 9-ўринни эгаллаб турибди
Т.Рўзиев,
ЎзА