Лойиҳа доирасидаги хайрли ташаббус
Бугунги кунда ёшларнинг билим ва тафаккурини ривожлантириш, уларни илм-фан ва маърифатга йўналтириш муҳим вазифалардан биридир.
Шу мақсадда “Юксалиш” ҳаракати томонидан “Зиёли келажак” лойиҳаси йўлга қўйилди. Ташаббуснинг мақсади — мактаблардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш ҳамда ҳар бир ўқувчи ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара оладиган шароитни яратиб, таълим тизимини янада қулай ва сифатли қилишдан иборат.
Шунингдек, ушбу лойиҳа ёшларни китобхонликка, мустақил фикрлашга, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга рағбатлантириш орқали жамиятимизнинг келажак пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай ташаббуслар ёшларнинг келажакда етук мутахассис ва зиёли инсонлар бўлиб етишишига муҳим ҳисса қўшади.

“Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан лойиҳа доирасида Нукус тумани “Оқтерак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 10-сонли умумий таълим мактабининг ўқув синф хоналари поли янгилаб берилди. Бу ташаббус тумандаги “Биогумус” фермер хўжалиги молиявий кўмагида амалга оширилди.
“Зиёли келажак” лойиҳаси орқали ёшлар ўз билим ва иқтидорини намоён этиш, янги имкониятларга эга бўлиш ва жамият тараққиётига ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлади.

Тадбир давомида мактаб жамоаси ва ўқувчилар бу ташаббусни таълим олиш учун яратилаётган қулай ва муносиб шароитларнинг яна бир амалий ифодаси сифатида аҳамиятли эканлигини алоҳида таъкидлашди.
— Албатта, таълим сифати фақат дарс жараёни билан эмас, балки ўқувчилар учун яратилган қулай, хавфсиз ва шинам муҳит билан ҳам чамбарчас боғлиқ. — дейди “Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Жўқорғи Кенгес депутати Тажибай Романов. — Янгиланган синф хоналари фарзандларимизнинг сифатли таълим олиши, дарсларга янада қизиқиш билан қатнашиши учун муносиб шароит яратади.
“Юксалиш” ҳаракати томонидан ушбу хайрли ишда ўз ҳиссасини қўшган тадбиркорга миннатдорлик билдирилди. Бундай эзгу ташаббуслар мактабда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва бунёдкорлик муҳитини янада мустаҳкамлаши қайд этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири