"Лос-Анжелес–2028" Паралимпия ўйинлари шаҳарчаси билан танишилди
Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси делегацияси "Лос-Анжелес-2028" ўйинларига тайёргарликнинг асосий жиҳатларини кўриб чиқмоқда.
Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси Бош котиби Фаррух Аҳмедов ҳамда қўмита раиси ўринбосари Бобур Ҳамраевнинг АҚШнинг Калифорния штатига амалий ташрифи давом этмоқда.
Ташрифнинг иккинчи кунида делегация “Лос-Анжелес–2028” ёзги Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси раҳбарияти билан навбатдаги учрашувни ўтказди. Унда транспорт-логистика, иштирокчиларни аккредитациядан ўтказиш тизими ҳамда мусобақага тайёргарлик билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация Паралимпия ўйинлари даврида спортчилар истиқомат қиладиган Паралимпия шаҳарчаси, унда яратилган шарт-шароитлар ҳамда машғулотлар ўтказиладиган спорт иншоотлари билан танишди.
Маълумот учун, “Лос-Анжелес–2028” ёзги Паралимпия ўйинлари давомида Калифорния университети кампуси Паралимпия шаҳарчаси вазифасини бажаради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА