Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди
Наманган вилояти Поп туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жадал олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов тумандаги Темир йўл маҳалласида жойлашган марказий кўмир омборида бўлиб, аҳолига кўмир етказиб бериш ва тарқатиш жараёни билан танишди. Шунингдек, 15-сонли мактабгача таълим ташкилотида иситиш тизимининг ҳолати ва мавсумга тайёргарлик даражасини кўздан кечирди.
Маълум қилинишича, жорий куз-қиш мавсумида туман аҳолисини 24 минг 362 тонна кўмир билан таъминлаш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 8 минг 839 тонна кўмир етказиб берилган бўлиб, режа ижроси 36 фоизни ташкил этмоқда.
Жумладан, 5 минг 937 тонна кўмир маҳаллий тадбиркорлар, 2 минг 902 тоннаси эса импортёрлар томонидан етказиб берилган.
[gallery-32604]
Ўрганиш давомида кўмир таъминотини белгиланган график асосида ташкил этиш, ёқилғини аҳолига ўз вақтида етказиб бериш ҳамда ижтимоий соҳа муассасаларида иситиш тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА