Кутубхонада янги китоблар тақдимоти
Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона марказида “Алишер Навоий энциклопедияси”, “Зариф сўз зиёрати” ва “Ўзбек тили омонимлари луғати” китоблари тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси масъуллари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, давлат тили бўйича маслаҳатчилар, ахборот-кутубхона марказлари ходимлари иштирок этди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси раиси А.Эминов, ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти профессори А.Ҳасанов ва бошқалар ушбу нашрларнинг илмий аҳамияти, навоийшуносликни бойитишдаги ўрни ҳамда уларнинг ўқувчилар ва тадқиқотчилар учун қанчалик муҳим манба эканлиги ҳақида сўз юритди.

– “Алишер Навоий энциклопедияси”нинг буюк мутафаккир ҳаёти ва ижодий меросини тизимли ҳамда илмий асосда ўрганиш, навоийшунослик йўналишидаги тадқиқотларни янги маълумотлар билан бойитишда қимматли манба ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали Темиров. – “Ўзбек тили омонимлари луғати” эса ўзбек тилининг лексик қатламини чуқур ўрганиш, омоним бирликларнинг илмий тавсифини бериш ва замонавий тилшунослик тадқиқотларини ривожлантиришга хизмат қиладиган китоб бўлди. “Зариф сўз зиёрати” нашри ўқувчида ўзбек сўз санъати, адабий-эстетик тафаккур ва миллий маънавий меросни англашга ёрдам беради. Уч китоб ҳам ўзбек тили ва адабиётининг нодир асарларидан бири сифатида нафақат бугунги кун, балки келажакда ҳам қимматли манба бўлади.

Тақдимот якунида ахборот-кутубхона марказлари ва таълим муассасаларининг китоб фондини ушбу янги нашрлар билан бойитиш зарурлиги таъкидланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА