Кураш: Олмалиқда ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионлари аниқланмоқда
Олмалиқ шаҳрида миллий спортимиз кураш бўйича 20 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида Ўзбекистон чемпионати беллашувлари ўтказилмоқда.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 300 нафардан ортиқ курашчи ёшлар иштирок этаётган чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов ва бошқалар мамлакатимизда миллий спортимиз курашни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, яқинда Японияда ўтган Осиё ўйинларида курашчи ёшларимиз 4 та вазн тоифасида иштирок этиб, 4 та олтин ҳамда 2 та бронза медалини қўлга киритгани юртимизда ушбу спорт турини ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор намунаси эканини эътироф этди.

Мамлакат чемпионатида ғолиблик учун беллашувларда куч ва маҳоратини намойиш этаётган ёш спортчилар келгусида жаҳон майдонларида ватанимиз байроғини юқори кўтариши шубҳасиз экани эътироф этилди.
Чемпионатнинг илк кунида курашчи ёшлар -55, -60 ва -66 кг, қизлар -44, -48 ҳамда -52 килограмм вазн тоифаларида совринли ўринларга даъвогарлик қилди.

Муросасиз кечган беллашувларда фарғоналик Аслиддин Абдуқаҳҳоров, қашқадарёлик Жамол Шомирзаев, навоийлик Азизбек Ҳимматов ўғил болалар орасида ўз вазн тоифаларида мамлакат чемпиони деган шарафли номга эга чиқди. Қизлар ўртасида навоийлик Умида Қўлдошева, Тошкент вилояти вакили Камола Туймаева, сирдарёлик Камола Орифжонова ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Бугун, 17 октябрь куни мамлакат чемпионатининг иккинчи кунги беллашувларида ўғил болалар -73, -81, -90 килограммда, курашчи қизлар -57, -63, -70 килограмм вазн тоифасида кураш олиб боришади.
Мусобақалар 18 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА