"Кунига камида 20 бет китоб ўқиймиз"
Янги ташаббус
"Ёшлар куни" муносабати билан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг кутубхонасида турли соҳаларда фаол бўлган йигит-қизлар ҳамда ёш китобхонлар билан учрашди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати ўзининг телеграмм каналида.


Вилоят ҳокими мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, китоб инсон учун энг яхши дўст, катта бойлик эканини таъкидлади. Китобхонлик орқали юқори натижаларга эришаётган ёшларнинг фаолиятини алоҳида эътироф этиб, улар тенгдошларига намуна бўлиши, китоб мутолаасининг фаол тарғиботчиларига айланиши зарурлигини билдирди. Айниқса, “тенгдош — тенгдошга намуна” тамойили ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.


Тадбирда фарғоналик ёшларнинг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари мамнуният билан тилга олинди. Айниқса, ахборот технологиялари ва стартап лойиҳаларига қизиқувчи ёшлар сони ортиб бораётгани қувонарли эди.
Шунингдек, Президент ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мажмуада ҳар икки йилда Халқаро китобхонлик фестивалини ўтказиш режалаштирилгани ҳам маълум қилинди.


Учрашув давомида фарғоналик ёшлар ва аҳоли ўртасида кунига 20 бет китоб ўқиш, китобхонликни янада оммалаштириш ташаббуслари илгари сурилди.

Шу билан бирга, “Энг яхши китобхон ота” ва “Энг яхши китобхон она” танловларини ташкил этиш ташаббуси маъқулланди.
Вилоят ҳокими ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ғояларни юқори баҳолаб, уларнинг барча ташаббуслари қўллаб-қувватланиши, масъуллар бириктирилиши ҳамда зарур амалий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА