Кунгабоқар ва соянинг янги навлари
Андижон вилояти Асака туманидаги илмий йўналишдаги "Аsaka oil plant seeds" уруғчилик фермер хўжалигида кунгабоқар ва соянинг янги навлари яратилди.
Андижон вилояти Асака туманидаги илмий йўналишдаги "Аsaka oil plant seeds" уруғчилик фермер хўжалигида кунгабоқар ва соянинг янги навлари яратилди.Мамлакатимиз иқтисодиёти, хусусан, қишлоқ хўжалиги ривожида мойли экинлар алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун мойли экинлар экиш, улардан юқори ҳосил олиш, юртимиз иқлим шароитига мос серҳосил янги навлар яратишга алоҳида этибор қаратилмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида пахта ва бошоқли дон экиладиган майдонларга иккинчи экин сифатида картошка, сабзавот, озуқа ва ёғ олинадиган экинлар экиш бўйича муайян вазифалар белгиланган. Мазкур вазифалар ижроси доирасида илмий йўналишдаги "Аsaka oil plant seeds" уруғчилик фермер хўжалиги томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
– Хўжалигимизда Ўзбекистон ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти ва мойли экинлар тажриба станцияси олимлари билан ҳамкорликда кунгабоқар ҳамда соянинг тезпишар нав ва дурагайларини яратиш, фермер хўжаликларига сара уруғ етказиб бериш ишлари йўлга қўйилган, – дейди илмий йўналишдаги "Аsaka oil plant seeds" уруғчилик фермер хўжалиги раҳбари Абдухалил Обидов. – Йиллар давомида олиб борилган изланиш ва амалий тажрибаларимиз самарасида кунгабоқарнинг тезпишар, касалликларга чидамли, тупроқ-иқлим шароитимизга мос, серҳосил "Янги замон" ҳамда "Осиё" деб номланган янги навлари яратилди. Мазкур навлар ўтган йили юртимизнинг барча суғориладиган ерларида асосий ва такрорий муддатларда экиш учун давлат реестрига киритилди.
Хўжаликда яратилган янги навлар ва Ўсимликшунослик илмий- тадқиқот институтида яратилган "Жаҳонгир" нави экилиб, 32-34 центнердан ҳосил олинмоқда. Етиштирилган сифатли, сара уруғлар асосий ва такрорий экин сифатида экиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги қатор фермер хўжаликларига етказиб берилмоқда. Деҳқон ва фермер хўжаликларига қулай бўлиши, турли муаммолар юзага келмаслиги учун уруғни ёғ-мой корхоналари орқали марказлашган ҳолда етказиб бериш тизими йўлга қўйилган.
– Икки йилдан буён хўжалигимизда такрорий экин сифатида кунгабоқарнинг “Янги замон” нави экилиб, юқори ҳосил олинмоқда, – дейди Бухоро вилояти Когон туманидаги “Когон Фазенда” фермер хўжалиги раҳбари Мавлуда Мирзаева. – Жорий йилда ҳам 15 гектар майдонга экилган ушбу навдан 34,5 центнер ҳосил олинди. Турли касалликларга чидамли ва серҳосил ушбу нав бизга жуда маъқул келмоқда.
Балиқчи туманидаги "Alp-Ravshan orzusi", Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги "Комилжон ўғли Ботиржон", Чуст туманидаги "Каркидон АббосЗар" каби фермер хўжаликларида такрорий экин сифатида экилган ушбу навлардан 30-33 центнердан ошириб ҳосил олинаётир.
– Жорий йилда Фарғона вилоятидаги қатор фермер хўжаликлари далаларига кунгабоқарнинг "Аsaka oil plant seeds" уруғчилик фермер хўжалигида яратилган “Осиё” ва “Янги замон” навлари экилди, – дейди “Фарғона ёғ-мой” акциядорлик жамияти бошлиғи ўринбосари Маъруф Ҳожимуродов. – Улар аввалги йиллари турли давлатлардан келтириб экилган навлардан ҳосилдорлиги, касалликларга чидамлилиги, нисбатан эрта пишиб етилиши билан ажралиб туради. Ўртача ҳосилдорлик 24 центнерни ташкил этди. Шу боис кўплаб фермерлари ушбу навларни экишни афзал билмоқда.
Хўжаликда Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “2017-2021 йилларда республикада соя экишни кўпайтириш ва соя дуккакли экинларини ўстиришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, соянинг юртимиз тупроқ-иқлим шароитига мос серҳосил, тезпишар “Мадина” ва “Радуга” деб номланган янги навлари яратилиб, Давлат нав синаш комиссиясига синовдан ўтказиш ва давлат реестрига киритиш учун тақдим этилган.