Кундузги парвариш хизмати имконияти чекланган болаларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилади
Кундузги парвариш хизмати — ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оилалари учун муҳим ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимларидан бири ҳисобланади. Ушбу хизмат орқали болаларга нафақат парвариш, балки тарбия, ижтимоий мослашув ва ҳаётий кўникмаларни шакллантириш имконияти яратилади.
Мазкур хизматга, асосан, церебрал фалаж ташхиси қўйилган ва GMFCS классификациясига кўра 4-5 даражадаги болалар, шунингдек турли даражадаги ақлий заифлик (енгил, мўътадил, оғир ва чуқур) ҳамда кўр-кар-соқовлик ҳолатидаги болалар қабул қилинади.
Бу эса энг кўп эътибор ва ғамхўрлик талаб қиладиган тоифадаги болаларни қамраб олишга хизмат қилади.
Кундузги парвариш марказларида болалар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратилиб, уларнинг тенгдошлари билан мулоқот қилишига алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, болаларга мустақил ҳаётга тайёрловчи турли кўникмалар ўргатилади, жамиятга интеграциялашув жараёни қўллаб-қувватланади. Бу жараёнда ота-оналарга ҳам психологик ва амалий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг юки енгиллаштирилади.
Давлат томонидан ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига қатор рағбатлантирувчи механизмлар жорий этилган. Хусусан, кундузги парвариш хизматини кўрсатган ҳар бир кун учун субсидия ажратилади. 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи, 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун эса 27 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилади.
Шунингдек, вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарларида фаолият юритаётган марказлар учун субсидия миқдорига 1,1 коэффициент қўлланилиши белгиланган. Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари учун эса қўшимча равишда субсидиянинг 30 фоизи миқдорида маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Умуман олганда, кундузги парвариш хизмати нафақат болаларнинг ривожланиши, балки уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилади. Бу тизим орқали оилалар қўллаб-қувватланиб, имконияти чекланган болалар учун янада ёрқин келажак яратишга замин ҳозирланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА