Кучли таълим, соғлом мафкура – барқарор жамият гарови
Рақамли ахборот макони кенгайган ҳозирги даврда таълим ва мафкура ўртасидаги ўзаро боғлиқлик тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Жамият тараққиёти, давлат барқарорлиги ва миллатнинг маънавий қиёфаси айнан ушбу икки омилнинг уйғунлигига боғлиқ бўлиб турибди. Таълим инсонга билим бериш билан чекланмай, унинг дунёқараши, қадриятлари, фикрлаш тарзи ва ҳаётий позициясини шакллантиради. Бу тизим жамиятда муайян мафкуравий муҳит яратиб уни авлодлар онгига сингдиради.
Мафкура жамиятни бирлаштирувчи, унинг мақсад ва манфаатларини ифода этувчи ғоявий тизимдир. Агар таълим тизими кучли ва мазмунли бўлса, у соғлом мафкурани шакллантиришга хизмат қилади. Акс ҳолда, билимсизлик ва маънавий бўшлиқ турли ёт ғоялар кириб келишига замин яратади. Шу боис таълим ва мафкурага алоҳида-алоҳида эмас, балки ўзаро узвий боғлиқ жараён сифатида қараш зарур. Хусусан, таълим ва мафкура ўзаро боғлиқ ижтимоий феноменлардир. Таълим инсонга билим ва кўникма бериб, одамларнинг ҳаёли ва қарашини шакллантиради. Мафкура жамиятнинг қадриятлари, тараққиётга оид ёндашувлари, сиёсий ва ижтимоий интилишларини ифодалайди.
Ҳозирги даврда таълим ва мафкуранинг уйғунлиги, айниқса, ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ёшлар жамиятнинг энг фаол, таъсирчан ва келажакни белгилаб берувчи қатламидир. Уларнинг онгида қандай ғоялар устувор бўлса, келажак шунга қараб шаклланади. Шунинг учун таълим жараёнида фақат назарий билимлар эмас, балки миллий ва умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик, бағрикенглик, таҳлилий фикрлаш каби муҳим жиҳатлар ҳам чуқур сингдирилиши лозим.
Масалага шу нуқтаи-назардан ёндашилса бугун Сурхондарё вилоятининг таълим муассасалари, жумладан, мактабларда тарбия ва олий таълим муассасаларида маънавият дарслари ҳамда турли маърифий тадбирлар орқали ёш авлоднинг миллий ўзликни англаш ва Ватанга садоқат туйғусини кучайтиришга жуда муҳим устувор вазифа сифатида ёндашиш керак.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар вилоятда таълим муассасалари сони ва сифатини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, воҳадаги 7 та олий таълим муассасасида 76,5 мингдан ортиқ талаба, 1 минг 4 та умумтаълим ва касб-ҳунар мактабида 555 минг 735 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Таълим ва мафкура ўртасидаги ўзаро боғлиқликни таҳлил қилишда рақамли кўрсаткичлар масаланинг нақадар долзарб ва тизимли эканини янада яққол намоён этади.
Айни пайтда вилоят аҳолисининг қарийб 26 фоизини ёшлар ташкил этиши ёки 3 миллиондан ортиқ аҳолидан 764 минг 748 нафари 14-30 ёш оралиғида экани таълим ва мафкура масалаларини стратегик даражага олиб чиқади. Бу демографик ҳолатнинг ўзиёқ таълим орқали қандай ғоя ва қадриятлар шакллантирилиши жамият келажагини белгилаб беришини кўрсатади.
Ёшларнинг ижтимоий ҳолати таҳлили ҳам таълим ва мафкуранинг ўзаро боғлиқлигини рақамлар орқали очиб беради. Жорий йил бошида 764 минг 748 нафар ёшдан 488 минг 241 нафари ёки 63,8 фоизи “яхши”, 276 минг 507 нафари ёки 36,1 фоизи “ўрта”, 3 минг 93 нафари ёхуд 0,4 фоизи “оғир” тоифага киритилгани жамиятдаги маънавий ва ижтимоий муҳитнинг турлича эканини англатади. Бу кўрсаткичлар таълим фақат билим бериш билан чекланмасдан, ижтимоий барқарорлик ва мафкуравий мувозанатни таъминлашда ҳам асосий восита эканини тасдиқлайди.
Ёшлар бандлиги соҳасидаги натижалар ҳам таълим ва мафкура уйғунлигининг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 апрелдаги “Ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда уларни доимий иш билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ рўйхатга олинган 9 минг 107 нафар ишсиз ёшнинг 9 минг 70 нафари, яъни 99,6 фоизининг бандлиги таъминлангани ижтимоий сиёсатнинг самарадорлигини намоён этади. Бу жараёнда 2 минг 143 нафар ёшнинг доимий ишга жойлаштирилиши, 3 минг 813 нафарининг ўзини ўзи банд қилиши учун шароит яратилиши, 616 нафарининг касб-ҳунарга ўқитилиши таълимнинг иқтисодий ва мафкуравий барқарорликка бевосита таъсир қилаётганини англатади. Шунингдек, 1 минг 414 нафар ёшнинг тартибли миграцияга йўналтирилиши глобал меҳнат бозорига интеграция жараёнида ҳам таълим муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.
Молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам ёшлар дунёқараши ва ташаббусларини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 300 миллион долларлик ресурс ажратилгани, жумладан, 797 нафар ёшга 103,3 миллиард сўм кредит берилгани иқтисодий фаоллик орқали ижобий мафкуравий муҳит яратилаётганидан дарак беради. 626 нафар талабанинг лойиҳалари учун 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши таълим ва инновация уйғунлигини кучайтиришга хизмат қилади. “Ёшлар дафтари” доирасидаги ишлар ҳам ижтимоий-мафкуравий барқарорликни таъминлашда муайян ўрин тутмоқда. Шу йил бошидан рўйхатга киритилган 420 нафар ёшнинг 272 нафари ёки 64,8 фоизига ёрдам кўрсатилиб, уларнинг муаммолари ҳал этилгани манзилли ёндашув самарали тизим эканидан дарак беради.
Ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи 3 минг 93 нафар ёш билан манзилли иш олиб борилиб, улардан 544 нафарига амалий ёрдам кўрсатилгани, 397 нафари эса хавф тоифасидан чиқарилгани мафкуравий тарбиянинг самарадорлигини рақамларда ифодалайди. Бу жараёнда таълим, ҳуқуқий онг ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг уйғунлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда.
Жамиятдаги мафкуравий барқарорликни баҳоловчи муҳим индикаторлардан бири сифатида ёшлар жиноятчилигининг 51,6 фоизга камайгани алоҳида эътиборга молик. Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 815 мингдан ортиқ ёшнинг турли танлов ва ташаббусларда иштирок этиши, уларнинг 77 фоизи спорт, 23 фоизи эса маданий-интеллектуал йўналишларга жалб қилингани ёшлар сиёсатида мувозанатли ёндашув шаклланаётганини кўрсатади. Бу эса жисмоний ва маънавий тарбиянинг уйғунлигини таъминлайди.
Умуман олганда, келтирилган рақамлар шуни кўрсатадики, таълим ва мафкура ўзаро боғлиқ бўлган ижтимоий тизим сифатида фаолият юритмоқда. Таълим орқали шаклланган билим ва кўникмалар, иқтисодий имкониятлар билан мустаҳкамланган ижтимоий муҳит ва мақсадли мафкуравий сиёсат биргаликда жамият барқарорлигини таъминламоқда.
Ёшларни маънавий-маърифий жиҳатдан юксалтириш учун жорий ўқув йилида барча таълим муассасаларида “Жадидлар изидан”, “Турон театри”, “Иқтидор”, “Зарарли одатларга йўл йўқ”, “Китоб-билим манбаи”, “Ўзбек миллий қадриятлари”, “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз”, “Миллий таомлар”, “Қувноқ стартлар” каби танлов, мусобақа ва бошқа тадбирлар ўтказилган.
Мафкура ва таълим ўртасидаги боғлиқлик ахборот макони орқали ҳам намоён бўлади. Ҳозирги глобаллашув ва ахборот технологияларининг жадал ривожланиши шароитида ташқи хавф ва таҳдидлар ҳам ортиб бормоқда. Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали турли мафкуравий хуружлар, ёт ғоялар, экстремистик ва радикал қарашлар кенг тарқалмоқда. Бу эса, айниқса, билим ва ҳаётий тажрибаси етарли даражада шаклланмаган ёшлар учун жиддий хавф туғдиради. Ахборот оқимининг чексизлиги шароитида инсон қайси маълумотни қабул қилиш, қайсисини рад этишни билиши керак. Бу эса айнан таълим орқали шаклланадиган таҳлил қилиш қобилиятига боғлиқ. Мафкуравий хуружлар кўпинча яширин, мулойим ва жозибадор шаклда намоён бўлади. Улар инсон онгига тўғридан-тўғри эмас, балки маданият, кино, мусиқа, блогерлик фаолияти ёки турли “эркинлик” шиорлари орқали таъсир ўтказади. Бундай ҳолатларда оддий тақиқ ва чекловлар самара бермайди. Аксинча, инсонда мустақил фикрлаш, ахборотни таҳлилий баҳолаш ва ўз миллий қадриятларига таянган ҳолда қарор қабул қилиш қобилияти шаклланган бўлиши керак.
Шу нуқтаи назардан, мафкуравий ҳимоянинг энг самарали йўли бу кучли таълим ва соғлом дунёқарашдир. Таълим муассасаларида нафақат фанлар ўқитилиши, балки ҳаётий кўникмалар, медиа саводхонлик, ахборот хавфсизлиги, миллий ўзликни англаш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ўқитувчи ва мураббийлар нафақат билим берувчи, балки тарбиячи, йўл кўрсатувчи ва мафкуравий етакчи сифатида ўзини намоён эта билиши керак. Бу жараёнда қадимий воҳанинг бой тарихи ва маданий мероси катта манба саналади. Вилоятда мангу қўним топган Ҳаким Термизий, Имом Термизий каби буюк алломаларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш таълим жараёнининг мафкуравий ядросини ташкил этади. Таълим муассасаларида ўтказилаётган маърифий тадбирлар ва зиёрат туризми доирасидаги экскурсиялар ёшларда ўз тарихидан фахрланиш туйғусини кучайтиради. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, тарихий билимларга эга ёшлар ёт ғояларга нисбатан чидамлироқ ва мустаҳкам иродага эга бўлади.
Вилоятдаги маданият муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, музейлар ҳам ёш авлодни Ватанга садоқат, юртга муҳаббат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида улғайтиришда таълим ва мафкуранинг уйғунлигини таъминлайдиган энг муҳим институтлардан бири саналади. Санъат орқали берилаётган тарбия ёшларда нафақат билим, балки маънавий иммунитетни ҳам кучайтиради.
Хуллас, глобал таҳдидлар кучайиб бораётган бизнинг давримизда ёшларни мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш фақат кучли таълим, соғлом дунёқараш ва миллий қадриятларга таянган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Шу боис таълим тизимини такомиллаштириш, унинг мазмунига замонавий ва маънавий жиҳатларни уйғунлаштирилган ҳолда жорий этиш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Зебунисо Алимардонова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.
ЎзА