Косметика, гўзаллик ва парфюмерия маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Францияга хизмат сафари чоғида бир қатор учрашувлар ўтказди.
Жумладан, “Cosmetic Valley” кластери вакиллари билан учрашувда Франция косметика бозори, “Cosmetic 360” инновацион кўргазмаси ва глобал косметик кластерлар тармоғи ҳақида тақдимот қилинди. Ўз навбатида, агентлик директори Ўзбекистон косметика бозори, ҳукумат томонидан тақдим этилаётган имтиёзлар ва “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳақида маълумот берди.
Учрашув давомида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилиниб, икки томон ахборот алмашиш, ҳамкорлик ўрнатиш ва потенциал лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
Маълумот учун, “Cosmetic Valley” Франциянинг энг йирик косметика саноати кластери бўлиб, у косметика, гўзаллик ва парфюмерия соҳасидаги инновацияларни ривожлантиришга қаратилган.
Шунингдек, “Servier” компанияси вакиллари билан учрашувда компания Ўзбекистондаги фаолияти тўғрисида тақдимот қилди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ходимлар сони ва операцияларини кенгайтирганини маълум қилди.
Ўзбекистонда кардиоваскуляр фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш бўйича ҳамкорлик имкониятлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Учрашув якунида томонлар ушбу потенциал лойиҳа бўйича музокараларни давом эттириш ва ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Дарвоқе, “Servier” Францияда етакчи фармацевтика компанияларидан бири бўлиб, асосан кардиоваскуляр, онкологик ва бошқа оғир касалликларни даволашга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА