Коррупция жамият тараққиётига жиддий тўсиқ бўлувчи, аҳолининг давлатга бўлган ишончини сусайтирувчи хавфли иллат сифатида бутун дунёда эътироф этилган.
Юртимизда ҳам сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ушбу йўналишда ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда, очиқлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган янги механизмлар жорий этиляпти. Айниқса, маиший коррупциянинг олдини олишда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумки, 2025 йил 5 март куни давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида коррупциянинг олдини олиш, аввало, давлат хизматига ҳалол, фидойи ва профессионал кадрларни танлашдан бошланиши таъкидланган эди. Ушбу жараёнда ёш мутахассисларнинг онгида “ҳалоллик вакцинаси”ни шакллантириш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Ана шу топшириқлар ижроси доирасида Навоий вилоятида фуқаролик жамияти институтлари иштирокида янги ва самарали ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда.

Жумладан, жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали коррупцияга қарши курашишнинг самарали модели сифатида шаклланаётган “Навоий тажрибаси” бугунги кунда нафақат ҳудуд, балки республика миқёсида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Ушбу тажриба маиший коррупция келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш, уларни бартараф этишга қаратилган амалий чоралар ишлаб чиқишга асосланади.

“Навоий тажрибаси”нинг шаклланишида “Ноила” ижтимоий кўмак, ҳуқуқий тарғибот ва мониторинг марказининг фаолияти муҳим ўрин тутади.
– Ушбу ташаббус жамоатчилик фикрини ўрганиш, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, таълим муассасаларида тарғибот ишларини кучайтириш ва амалий мониторингни йўлга қўйишни мақсад қилган, – дейди марказ раҳбари Мансуржон Ҳамидов. – Марказимиз ташаббуси билан ёшлар, ўқитувчи-мураббийлар, жамоатчилик вакиллари орасида кенг кўламли ижтимоий сўровлар ўтказилди. Мазкур сўровлар натижасида ёшларнинг коррупцияга муносабати, маиший коррупция ҳолатларига нисбатан жамоатчилик қарашлари, таълим тизимида ҳалоллик тамойилларини шакллантиришдаги мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил этилди. Натижалар асосида коррупцияга муросасизликни шакллантиришга қаратилган турли ёндашувлар ишлаб чиқилди. Ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари учун “Адолат ва ҳалоллик дарслари” концепциясининг ишлаб чиқилиши айнан ана шу таҳлиллар маҳсулидир. Мазкур концепция ёш авлод онгида ҳалоллик, адолат ва қонунга ҳурмат руҳини қарор топтиришга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида вилоят ҳудудларида ўнлаб тарғибот тадбирлари, семинар ва очиқ мулоқотлар ўтказилди. Уларда соҳа вакиллари, ёшлар, аҳолининг турли қатлами иштирок этди. Шу билан бирга, маиший коррупция билан боғлиқ масалалар юзасидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Айни пайтда вилоятда маҳаллий давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини мониторинг қилиш, мурожаат қутиси тизимини такомиллаштириш ва уни “Адолат ва ҳалоллик қутиси” сифатида жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Олий таълим муассасалари, ўрта махсус билим юртлари ва маҳаллаларда ушбу амалиётни жорий этиш орқали маиший коррупцияга қарши жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсад қилинган.

Навоий вилоятида олиб борилаётган мазкур ишлар халқаро ташкилотлар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Жорий йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида БМТ Тараққиёт дастури, Адлия вазирлиги ва қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда “Ноила” марказига бепул юридик хизмат кўрсатишда энг илғор фуқаролик жамияти институти мақоми берилди. Шунингдек, Польшанинг Варшава шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда мазкур тажриба тақдим этилиб, хорижий экспертлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Бу эса ушбу ташаббуснинг амалий аҳамияти ва барқарорлигини янада оширмоқда.
Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш фақат тарғибот билан чекланиб қолмасдан, илмий ёндашувни ҳам талаб этади. Айни пайтда ёш мутахассисларда коррупциявий хулқ-атворга нисбатан барқарор ахлоқий позицияни шакллантиришга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ушбу тадқиқотлар натижалари республика ва халқаро илмий нашрларда чоп этилиб, амалиёт билан уйғун ҳолда татбиқ этилмоқда.
Навоий вилоятида шаклланаётган “Навоий тажрибаси”нинг асосий мақсади ҳар бир ҳудуд ва соҳада маиший коррупцияга олиб келувчи омилларни бартараф этиш, жамоатчилик иштироки орқали коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит яратишдан иборат. Мазкур тажрибани кенг оммалаштириш ва бошқа ҳудудларда жорий этиш мамлакатимизда ҳалоллик, адолат ҳамда қонун устуворлигига асосланган жамиятни барпо этишга хизмат қилади.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири