Кўня – турк давлатчилигининг илк пойтахти
Туркия туризм ва маданият вазирлиги ҳамда ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан уюштирилган навбатдаги Пресс-тур Кўня шаҳрига уюштирилди.
Зиёрат туризми йўналишига бағишланган бу галги ўзига хос саёҳат-хизмат сафарига жалб этилган 10 дан зиёд давлатлар вакиллари орасида биз – Ўзбекистондаги етакчи оммавий ахборот воситаларидан таклиф этилган 10 нафар журналист ҳам бор.
Туркия Республикасининг марказий қисмида, пойтахт Анқарадан жануброқда жойлашган Кўня мамлакатнинг “buyukshehir”, яъни “улкан шаҳар” мақоми берилган алоҳида кентлари рўйхатига киритилган. Бу заминни мусулмон дунёсига алоқадор ҳар қандай инсон энг аввало Мавлоно Румий яшаб ўтган юрт сифатида билади. Бинобарин, биз ҳозир Румий авлодларга мерос қолдирган маънавий хазинанинг аҳамияти, дунёвийлиги-ю, илоҳийлиги хусусидаги фикрларимизни, ҳазрат билан бевосита боғлиқ манзиллар зиёратидан олган тассуротимиз тавсифини кейинги мақолаларимизга асрасак-да, дастлабки ҳикоямизда ушбу муқаддас шаҳар ҳақида мўъжаз сўз юритсак...
Денгиз сатҳидан 1000 метр баландликда жойлашган Кўня шаҳрида бугунги кунда 2 миллиондан зиёд (сўнгги маълумотларга кўра 2 миллион 232 минг киши) аҳоли истиқомат қилади. Шаҳар ҳудуди ва шу ном билан аталадиган Туркияда энг йирик ҳисобланадиган бу вилоят жами 731 кичик-кичик тумандан иборат.

Кўня шаҳри тарихига оид манбаларда ушбу шаҳарнинг пайдо бўлиши бундан 5 минг йиллар олдинги даврга нисбат берилади. Уумуман, инсонларнинг бу жойларга илк бор кўчиб келиб, ер ўзлаштириб, деҳқончилик билан шуғуллана бошлаганига эса, олимлар фикрича, 8-9 минг йилча бўлган экан. Азалдан аҳолининг асосий тирикчилиги қишлоқ хўжалиги соҳаси билан чамбарчас боғланган мазкур ҳудуд унумдор ери, гўзал табиати, ёқимли иқлими ва бошқа қулайликлари билан мудом янги-янги қабила-ю элатларни ўз бағрига чорлайверган.
Шу тариқа шаҳар, вилоят ҳудуди борган сари кенгайиб, қишлоқ хўжалиги экинлари, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажми ортиши ўз-ўзидан саноатни ривожлантириш заруратини юзага чиқарган. Эндиликда маҳаллий иқтисодиётнинг салмоқли улуши саноат ҳисобидан таъминланади. Бугунги кунга келиб Кўняда ишлаб чиқаришнинг оғир саноатдан бошқа ҳар қандай турини учратиш мумкин.
Тарихий манбаларда турк давлатчилигига асос солиниши бевосита Кўня билан боғлиқлиги айтилади. Аниқроғи, Салжуқийлар илк бор ҳозиргия Туркия ҳудудига келиб жойлашганда айнан шу шаҳарни пойтахт тутганлар. Яъни, Онадўли ёки европача талқинда Анатолия, деб аталган қадимий буюк цивилизациянинг бешиги бўлмиш Кўня асрлар давомида инсониятни ҳайратга солиб келган манзиллардан бири сифатида эътироф этилган. Фақат Усмонийлар империяси вужудга келгандан кейингина пойтахт Истанбулга кўчган.
Пресс-тур дастуридан Кўнянинг энг асосий, диққатга сазовор манзиллари – Мавлоно Жалолиддин Румий мақбараси, “Ирфон маданияти” тадқиқотлар ва маданият маркази, “Панорама” музейи, “Чаталгуюк” мажмуаси каби тарихий, маданий-маърифий мерос намуналари бўйлаб саёҳат ўрин олган. Табиийки, дунёнинг турли давлатларидан келган ҳамкасбларимиз билан бирга 17 декабрь – Мавлоно Жалолиддин Румий вафот этган кун муносабати билан Кўняда анъанавий равишда ўтказиладиган Шеби Арус (Seb-i-Arus), маросимида ҳам иштирок этамиз. Буларнинг бари хусусида батафсил маълумот бериш ниятидамиз. ЎзА саҳифаларини кузатиб боринг.
ЎзА махсус мухбири Ғайрат ХОННАЗАРОВ,
Кўня шаҳри, Туркия