“Конституция ўзимизники!”
Самарқанддаги “Uz truck and bus motors” қўшма корхонасида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган шу номдаги тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Вилоят ёшлар ва Самарқанддаги автозаводлар ишчи-ходимлари иштирок этган тадбирда янгиланаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси хусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, турли соҳа вакиллари ўз ҳаётий тажрибалари асосида Бош қонунимиздаги янгиликлар мазмун-моҳиятини ифода этишди.
– Барча соҳаларда бўлгани каби солиқ сиёсатида ҳам кейинги йилларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бош инспектори Акобир Шамсиев. – Бевосита солиқ тўловчи сифатида аҳолининг катта қисми ушбу жараёнга гувоҳ бўлмоқда. Соҳадаги янгиликлар туфайли аҳолига ҳам, тадбиркорларга ҳам ўз ҳудудидан келиб чиққан ҳолда солиқ ҳисобланиши тизимда адолат ўрнатди, десам янглишмайман. Чекка ҳудудлар учун қўлланилаётган имтиёзлар, солиқ хизматининг назоратчи эмас кўмакчи сифатида фаолият кўрсатиши Конституциямиздаги айни ўзгаришларнинг исботи ва бу жараён референдумдан кейин янада жадаллашади. Чунки, Асосий қонунимиздаги ўзгаришлар инсонпарварлик тамойилларга асосланмоқда. Шундай экан, референдумда барчамиз фаол бўлишимиз лозим.
[gallery-11187]
– Янгиланаётган Конституция халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинликларининг ҳимоясини ҳар томонлама таъминлайди, деб ҳисоблайман, – дейди “Uz truck and bus motors” қўшма корхонаси департамент директори Алибек Абдуҳамидов. – Чунки, Бош қомусимиз тубдан ислоҳ қилинмоқда. Унинг мазмун-моҳиятида ҳам инсон омили олий мақсад қилиб олинган. Буни илк моддадан англаб етиш мумкин: “Ўзбекистон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат”. Бундан англашиладики, айни пайтда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотлар узвий давом этади. Ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлатда барча бирдек ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан баҳраманд бўлади. Туман кенгаши депутати сифатида жойларда ижтимоий соҳадаги ислоҳотлардан хабардорлигим боис ушбу йўналишларда улкан ўзгаришлар амалга оширилишига ишонаман. Шунинг учун референдумда иштирок этиб, албатта, янгиланаётган Конституциямизга ўз муносабатимни билдираман.
Тарғибот тадбири давомида элимиз суйган санъаткорлар иштирокида концерт дастури ҳам намойиш этилди. Шу каби тарғибот тадбири “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ҳам ўтказилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА