Конституция — келажагимиз пойдевори
Ҳар қандай давлатнинг бош қонуни Конституция ҳисобланади. Констутуция сўзи луғавий жиҳатдан “Низом”, “Қоидалар тўплами” деган маънони англатади. Лекин мазмун-моҳиятига кўра, ушбу ҳужжат мамлакат, унинг фуқаролари ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Мамлакатимиз Бош қомусида жамият ва давлат, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тузилиши ҳамда фаолиятининг асосий принциплари, уларнинг ваколатлари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва бурчлари, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлар белгилаб берилган. Амалдаги барча қонунлар ва бошқа ҳужжатлар Конституция негизида ва мувофиқ тарзда қабул қилинади.
Таъкидлаш жоизки, 1992 йил 8 декабрда ХII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ХI сессиясида қабул қилинган Конституциямиз мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг хуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилиб келмоқда, янгиланаётган Конституциямиз эса юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро борки унинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, жамиятдаги ўрнининг барқарорлигини таъминлашга янада кенгроқ имкониятларни яратиб беради.
Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимиз “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш”нинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворидир.
Ўттиз бир йил мобайнида жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз ҳам бежизга эмас. Нега деганда, асосий қонунимиз ҳалқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини белгилаб берди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳалқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак наъмунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва фаровон, осойишта яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.
Конституциямиз қабул қилингандан буён ўтган 31 йил Бош қомусимизда мустаҳкамланиб қўйилган ҳалқимизнинг орзу-умидлари, бугунги ва келажак манфаатларига жавоб бера оладиган устувор тамойилларнинг нақадар тўғри эканлигини амалда исботлади. Айтиш жоизки, инсон ҳуқуқлари олий қадрият деб белгиланган Конституциямизда давлат ҳам, жамият ҳам, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида аниқ белгилаб қўйилган. Айниқса, пандемия даврида ҳам ҳалқимизнинг кўрсатган буюк жасорати келажак авлод учун катта ибрат мактаби бўлди. Юқорида қайд этган барча юксалишлар замирида мустақил Ўзбекистонимизнинг Конституция тамойиллари асосида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, Янги Ўзбекистонни юксак даражада ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши каби мақсадлар мужассам.
Бинобарин, бугунги кунда янгиланаётган бош қомусимизнинг ҳар бир моддаси юртимиз равнақи, халқимиз тинчлиги ва ҳаётимиз фаровонлигига ижобий томондан муҳим ўзгаришлар киритишини ҳар биримиз юракдан ҳис қилмоғимиз лозим. Бунинг учун асосий қонунимизни умумтаълим мактабларида, олий таълим муассасаларида, маҳалла ва меҳнат жамоаларида тизимли равишда ўрганиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишимиз биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Санжар ИСАКОВ,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети кафедра катта ўқитувчиси, подполковник