Конимехда устозлар меҳнати эътироф этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Конимех тумани маданият марказида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Унда туман ҳокимлиги ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таълим муассасалари раҳбарлари, фахрий устозлар ҳамда соҳа ходимлари иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими Руслан Рўзиев сўзга чиқиб, таълим соҳаси вакилларини касб байрами билан табриклади. Ўқитувчи ва мураббийларнинг ёш авлодни билимли, маънавиятли ва ватанпарвар этиб тарбиялашдаги меҳнати, жамият тараққиётидаги ўрни алоҳида таъкидланди.
[gallery-31694]
Шунингдек, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида фаоллиги, меҳнатсеварлиги ва ташаббускорлиги билан алоҳида ўрнак кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ходимларга туман ҳокимининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбирида устозларга ҳурмат ва эҳтиром руҳида самимий тилаклар билдирилиб, уларнинг шарафли ва масъулиятли меҳнати эътироф этилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида туман маданият бўлими ижодкорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
Сирож АСЛОНОВ(сурат),ЎзА