Конго ва Угандада "эбола" вируси тарқалмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Конго Демократик Республикаси ҳамда Угандадаги "эбола" вируси билан боғлиқ вазият юзасидан сўнгги маълумотларни очиқлади.
“ТАСС” ахборот агентлиги хабарига кўра, Женевада ўтказилган брифингда ЖССТ бош директори касалликка чалинганликда гумон қилинаётганлар сони қарийб 600 нафарга етгани, улардан 139 таси ўлим билан якунланганини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, вирус расман аниқлангунига қадар маълум муддат аҳоли орасида тарқалиб улгурган ва шу сабабли яқин орада касалланиш ҳамда ўлим ҳолатлари сони яна ортиши мумкин.
Расмий рақамларга кўра, айни пайтда ушбу вирус Конго ҳудудида 51 кишида, Угандада эса 2 нафар беморда лаборатория таҳлиллари орқали тўлиқ тасдиқланган. Ҳозирда ташкилот мутахассислари эпидемиологик кузатув, беморларни изоляция қилиш ҳамда вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор чораларни янада кучайтирмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА