Қашқадарё вилоятининг янги ташкил қилинган Кўкдала тумани деҳқонлари тарвузчиликда ўзига хос тажриба яратган. Ҳар йили кўкдалалик тарвузчиларнинг ҳосили тайёр бўлишини ҳатто экспортчи корхоналар ҳам пойлаб туради. Боиси у ерда етиштирилган тарвузлар нафақат ички бозорда балки ташқи бозорда ҳам харидоргир.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Кўкдалада тарвуз пишди” сарлавҳаси остида тарқалган хабарлар ортидан, бугун фотомухбир билан Кўкдала сари йўл олдик. Туман ҳудудидан ўтар эканмиз, ўтган йили қип-қизил чўл бўлиб кўринган лалми ерларда ҳам жорий йилда гектарлаб тарвуз етиштирилаётганига гувоҳ бўлдик. Туман ҳокимининг инвестиция, савдо ва саноат бўйича ўринбосари Маъруф Пирназаров билан ҳамроҳликда эртачи тарвуз етиштирилаётган далаларга бордик. Ўша таниш тарвузчиликнинг, айтиш жоиз бўлса, “пирига” айланиб кетган Улуғбек Жуманазаровнинг даласига етиб бордик. Ҳудудда Улуғбек акадан бошқа тарвузчилар ҳам бисёр, аммо ҳар йили биринчи бўлиб Улуғбек аканинг тарвузлари пишиб, тайёр бўлади.
Эътибор қаратадиган бўлсак, тарвузчиликдаги тинимсиз изланишлар эвазига кўкдалалик деҳқонлар тарвузни пишиш муддатини ҳар йили тахминан 5-6 кунга олдинга силжитмоқда. Бу кетишда, ҳа демай қишнинг қоқ чилласида ҳам Кўкдалада тарвуз пишибди, деса ажабланмай қолсак керак. Қўлбола иссиқхоналарда парваришланаётган тарвуз палакларини оралаб юрган деҳқон бизни кўриб олдимизга келди. Кайфияти яхшилигидан ҳосил чўғи кўнгилдагидек эканини пайқаш қийин эмас. Деҳқонни суҳбатга чорладик.
– Шукр бу йилги ҳосилнинг пишишига ҳам етиб келдик, – дейди Тарвуз-қовун етиштирувчилари Қашқадарё вилояти ассоциацияси раиси У.Жуманазаров. – Ўтган йилги натижалар билан таққослайдиган бўлсак 5-6 кун олдин тайёрлашга эришдик. Бу йил анчагина синовли бўлди. Кутилмаганда келган аномал совуқ барчани шошириб қўйди. Шунга қарамасдан иссиқхоналарга экилган кўчатларимизни асраб қолдик. Совуқдан кейин жуда қулай об-ҳаво келди. Тарвузларимиз яхши ривожланди. Шуни ҳисобига мана тарвузларимиз апрелнинг ўртасига келиб, пишиб турибди. Кеча дебоча узилган тарвузларни ифторликка тортдик. Насиб этса бир неча кунда экспортёр корхоналар вакиллари келишади ва ҳосилни ёппасига уза бошлаймиз.
Айтиш жоизки, Давлат раҳбари ўтган йили худди шу кунларда вилоятга ташрифи чоғида Кўкдала туманини ҳам янгидан очилишида иштирок этди. Тарвузчилик тармоғини янада кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, барча имкониятларни ишга солиш ҳақида ўз тавсияларини берган эди. Бундан руҳланган кўкдалалик деҳқонлар ўтган йили 12 минг гектар ерда тарвуз етиштирган бўлса, жорий йилда 20 минг гектарда тарвуз етиштиришни мўлжаллашмоқда. Айни пайтда режалаштирилган майдонларнинг учдан бир қисмида эртаги тарвуз етиштирилмоқда. Қолганига ўртачи ва кечки тарвузлар экилади.
– Бир вақтнинг ўзида “Ражаб хожи” фермер хўжалигини ҳам юритаман, – дейди У.Жуманазаров. – Хўжалигимизнинг 15 гектар ер майдони бор. Буни тажриба майдони деса ҳам бўлади. Чунки ҳар йили шу ерга қўшимча янги навлар экиб синовдан ўтказиб кўрамиз. Яхши натижа берса оммалаштирамиз. Умумий ҳисобда 15 гектарнинг ярмига экин экилади. Қолганига дам берилади. Шундай қилинса, ҳосилдорлик самарали бўлади. Масалан, ўтган йили брокколли карами экдик. Натижаси яхши бўлди. Яқинда 2 гектарга синов тариқасида булғор қалампири ҳам экдик. Буни афзаллиги маҳаллий навларга қараганда 2 ой олдин тайёр бўлар экан. Ўтган йили туман бўйича 12 минг гектар жойда тарвузимиз бор эди. Буни уч этапда экамиз. Эртачи 5 минг гектар эккан бўлсак, 4 минг ўртачи, қолганига лалми усулда “ҳайит қора” деган маҳаллий кечки нав экилади. Бу йил ҳам 6 гектар жойда эртачи тарвуз етиштиряпмиз. Шундан 100 тонна экспортга йўналтиришни мақсад қилганмиз. Битта майдоннинг ўзидан ҳам ички, ҳам ташқи бозорга маҳсулот чиқарамиз. Экспортёрлар ўртача катталикдаги тарвузларни хоҳлашади, ички бозорда эса йирик тарвузлар харидоргир.
[gallery-11509]
Кўкдалалик деҳқонлар йилдан-йилга тарвузчиликда самарадор технологияларни қўлламоқда ва бу ижобий натижалар бермоқда. Масалан, ўтган йилгача сувни жуякларга оқизиш орқали суғориш усулидан фойдаланилган бўлса, жорий йилдан бошлаб тарвуз далаларига томчилатиб суғориш технологияси татбиқ қилинмоқда. Бу эса деҳқонларнинг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежалишига хизмат қилмоқда.
– Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари кўп экан, – дейди У.Жуманазаров. – Президентимиз кўплаб йиғилишларда томчилатиб суғоришга ўтиш тўғрисида маслаҳатлар беради. Ҳатто субсидиялар билан қизиқтирди. Ўтган йили 100 гектар тарвузни шу йўсинда суғоришни йўлга қўйдик. Кўплар ишониб-ишонмай қандай бўлади, балки тарвуз катталашмай қолар, деган ҳадиклар ҳам бўлди. Ўзим ҳам жуда катта таваккалчилик билан 6 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилдим. Натижа кутганимиздан ҳам аъло бўлди. Биринчидан сув уч баравар тежалди. Ўртача 4 гектарга 6 киловатлик насосим етса, ҳозир шу насос 12 гектарни суғоряпти. Шуни ҳисобига бу йил деҳқонларимиз 20 минг гектар ерга тарвуз экишни мақсад қилмоқда. Бундан ташқари, электр энергияси ҳам уч баравар тежаляпти. Ишчи кучи ҳам. Албатта, бир йўналишда қанча шуғулланилса, тажриба ва самарадорлик шунча ошаверади.
Кўкдалалик деҳқонлар ҳам тарвузчиликда ўз тажрибаларини йил сайин оширмоқда. Нафақат серҳосил навлар бўйича, балки уни суғориш, етиштириш бўйича ҳам янгича услублар жорий қилинмоқда.
– 2023 йилда 20 минг гектар ерга тарвуз экишни мўлжаллаганмиз, – дейди туман ҳокимининг инвестиция, савдо ва саноат бўйича ўринбосари Маъруф Пирназаров. – Ҳозирги кунда эртачи ва ўртачи тарвузларимиз экиб бўлинди деярли. Кейин кечки тарвузимиз бор. Уни май ойларида экамиз. Тарвуздан ташқари, булғор қалампирни кўрдиларингиз, тажриба сифатида экдик. Буни ҳам келгусида тарвуз даражасига кўтариб, қўшимча экин тури сифатида қўшиб борамиз. Катта-катта гектарларга брокколли карамини тажрибадан ўтказдик. Улар ҳам яхши натижа берди. Деҳқонларимиз тарвузни ўрнига тўғридан-тўғри томчилатиб суғориш қувурларини бузмай ўрнига бирданига август ойида брокколли карами экади. Ўтган йили 200 гектар экдик. Бу йил 500 гектарга етказишни режалаштириб турибмиз. Шунингдек, минг гектар помидор ва минг гектар бодринг ҳам экилган. Ҳозир бодрингларимиз ҳам бозорни эгаллай бошлади. Туманда экспорт салоҳияти ўтган йили ниҳоятда яхши бўлди. Деҳқонларимиз сердаромад бўлди. Бу йил ҳам ундан яхши бўлиши кўзда тутилган. Ҳозирнинг ўзида тарвуз бўйича экспортёрлар деҳқонларимизга аванс пулларини бериб, далаларга эгалик қилишмоқда. Бундан ташқари қовун маҳсулотимиз ҳам бор. 10-15 кунда у ҳам тайёр бўлади. Қовунни ҳам бошида томорқага экардик. Бир икки йилдан буён уни ҳам кенг далаларга эка бошладик. У ҳам биринчи бўлиб экспортга кетади.
Дарҳақиқат, чорваники 40 йилда, деҳқонники бир йилда деганларидек, бундан бир неча йиллар олдин фақат чорвачилик билан тирикчилик қилиб, минглаб гектар майдонлардан яйлов сифатида фойдаланган кўкдалаликлар ҳозирги кунда деҳқончилик айниқса, тарвуз қовун етиштиришда республикамизнинг мана ман деган деҳқонларидан одимлаб кетишди ва мўмайгина даромад олиб фаровон турмуш кечирмоқда. Уларнинг бугунги фаолияти ва эришаётган натижалари бунга яққол мисол.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.