Клиник аудит: тиббий хизматлар сифати назоратга олинди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Клиник аудит инспекцияси томонидан Самарқанд вилоятидаги 50 дан ортиқ тиббиёт муассасасида клиник аудит ўтказилди.
Ўрганишлар давомида тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнлари, миллий клиник протокол ва стандартларга риоя этилиши, беморлар хавфсизлиги ҳамда мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги баҳоланди.
Аудитда она ва бола саломатлиги, кесарча кесиш амалиётларини тиббий кўрсатмалар асосида бажариш, дори воситаларини тайинлаш, шунингдек, қон компонентларини қўллаш, лаборатория хизматларида ички ва ташқи сифат назоратини йўлга қўйиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тиббиёт муассасаларида клиник протоколларни амалиётга тўлиқ татбиқ этиш ва ички назоратни кучайтириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Аудит натижалари асосида тиббий хизматлар сифатини ошириш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди. Унда кадрлар малакасини ошириш, муассасалардаги ички назоратни тизимли ташкил этиш ва инфратузилмани мустаҳкамлаш чоралари белгиланди.
М.Қосимова, ЎзА