“Kitobxon Kids” ғолиблари аниқланди
Қашқадарё вилоятида болалар ўртасида китобхонликни тарғиб этишга қаратилган “Kitobxon Kids” танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Вилоят Ёшлар марказида ташкил этилган мазкур беллашув ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг мутолаага бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур танлов ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлиб, 7-10 ҳамда 11-14 ёш тоифаларида ўтказилгани билан аҳамиятлидир.
Танлов жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиб, иштирокчиларнинг билимлари Ёшлар ишлари агентлигининг “Mutolaa” мобил иловаси орқали баҳоланди. Бу эса беллашувнинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлади.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра ғолиблар аниқланди.
7-10 ёш тоифасида Қарши туманидан Гулнора Камалова, Нишон туманидан Шукрулло Алиқулов ва Деҳқонобод туманидан Сафина Юсупова юқори натижаларни қайд этди.
11-14 ёш тоифасида эса Чироқчи туманидан Асалой Суннатиллаева, Қарши туманидан Самир Келдиёров ҳамда Китоб туманидан Одилбек Бахтиёров ғолибликни қўлга киритди.
[gallery-29196]
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мутасаддилар таъкидлаганидек, бу каби танловлар ёшларнинг билим олишга бўлган интилишини кучайтириш, уларни китобга ошно этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари