Китобхон болалар зукколикда беллашди
Самарқандда болалар ўртасида китобхонликни оммалаштиришга қаратилган “KITOBXON KIDS” танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон болалар ташкилоти томонидан ўтказилаётган танловда туман ва шаҳарлардан саралаб олинган иқтидорли ўқувчилар 7-10 ва 11-14 ёшлилар тоифаларида иштирок этди.



Ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг мутолаа маданиятини шакллантириш ҳамда маънавий етук, кенг дунёқарашга эга бўлган баркамол шахслар этиб тарбиялаш мақсадида ташкил этилган танлов жараёни Mutolaa иловаси орқали тест топшириш шаклида ўтказилди ва унда иштирокчиларнинг билим ва тафаккури тест ҳамда квест топшириғи асосида баҳоланди. Мазкур синов усули ёшлар ўртасида рақамли технологияларни оммалаштириш ҳамда баҳолашда тўлиқ шаффофликни таъминлашга хизмат қилди.



Танлов натижаларига кўра, 7-10 ёшлилар тоифасида Фаёзбек Муҳиддинов, 11-14 ёшлилар орасида эса Жасмина Холмуродова биринчи ўринни қўлга киритди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари