Кибержиноятчиларни қандай таниш мумкин?
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларига чуқур кириб бориб, инсонларга янги имкониятлар яратмоқда.
Бироқ рақамли имкониятлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам тобора кўпайиб, кибержиноятчилик жиддий хавфга айланмоқда. Кибержиноятчиларнинг янги ва мураккаб усуллардан фойдаланаётгани эса ҳар бир инсондан янада ҳушёр ва эҳтиёткор бўлишни талаб этмоқда.
Хўш, кибержиноятчиларнинг тузоғига тушиб қолмаслик учун уларни қандай таниш мумкин? Бунинг учун, аввало, мулоқот жараёнидаги айрим шубҳали белгиларга эътибор қаратиш лозим.
Маълумки, бугун аксарият кишилар ўзаро мулоқот ва ёзишмаларни асосан “Телеграм” ёки “WhatsApp” каби мессенжерлар орқали амалга оширади. Шу боис кибержиноятчилар ҳам айнан шу платформалардан фойдаланиб, турли ёлғон таклифлар ва чалғитувчи хабарлар орқали фуқароларни алдашга уринади. Кўп ҳолларда улардан бу ҳақда оила аъзолари, ҳамкасблари ёки раҳбарларига айтмасликни талаб қилади.
Бундай мулоқотларнинг яна бир муҳим белгиси – шошилинчлик ва руҳий босим. Жиноятчи жабрланувчини вазиятни таҳлил қилишга имкон бермайдиган ҳолатга тушириш учун тезкор ҳаракат қилишга ундайди. Масалан, зудлик билан пул ўтказиш, карта маълумотларини айтиш, ҳаволага кириш ёки юборилган кодни маълум қилиш талаб этилади. Мулоқот турли тилларда олиб борилиши мумкин, аммо асосий мақсад доимо бир фуқарони шошилинч қарор қабул қилишга мажбурлаш.
Кибержиноятларга қарши курашиш давлат сиёсати даражасида ҳам муҳим вазифалардан бирига айланган. 2025 йил 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифаларни самарали ижро этиш ҳамда ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш мақсадида ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш ва аҳолининг киберхавфсизлик бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган вазифалар белгилаб берилган.
Кибержиноятчиларнинг кенг тарқалган усулларидан бири – ўзини давлат органи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништиришдир. Жумладан, улар ўзларини Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ёки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништириши мумкин.
Бундай ҳолларда жиноятчилар “Телеграм” орқали сохта хизмат гувоҳномаси расмини ёки махсус дастурлар ёрдамида тайёрланган сохта видеомурожаатни юбориб, ўзини ишончли шахс сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Кейин эса “йирик жиноят содир бўлган”, “пулингиз жиноий фаолиятни молиялаштирмоқда”, “ҳисобингиздан пул ечилмоқда” ёки “махсус операция кетмоқда” каби баҳоналар билан фуқарони саросимага солади.
Шундан сўнг мобиль қурилма ёки банк картасини бошқариш имкониятини қўлга киритишга, натижада пул маблағларини ўзлаштиришга уринади. Шунинг учун ўзини давлат органи ходими деб таништирган шахснинг талаби билан карта маълумотлари, SMS-кодлар ёки бошқа махфий маълумотларни тақдим этиш мутлақо мумкин эмас.
Яна бир кенг тарқалган усул – раҳбар номидан иш кўриш. Бунда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ёки юқори мансабдор шахсларнинг сохта аккаунтлари яратилади. Ушбу аккаунтлар орқали ходимларга “шошилинч махсус топшириқ”, “юқори ташкилотдан текширув”, “хизмат текшируви ўтказилмоқда” ёки “шахсий муаммо” каби мазмунда хабарлар юборилади.
Раҳбарининг номини кўрган ходим эса хабарнинг ҳақиқийлигига шубҳа қилмаслиги мумкин. Шу тариқа ундан ёзишмаларни сир сақлаш, кўрсатилган карта рақамига зудлик билан пул ўтказиш ёки бошқа молиявий ҳаракатни амалга ошириш талаб қилинади.
Бундай ҳолатда энг тўғри йўл – раҳбар ёки унинг ишончли вакили билан бошқа, ишончли алоқа канали орқали боғланиб, хабарнинг ҳақиқийлигини текширишдир.
Фирибгарлар қўллайдиган яна бир усул – сохта овоз бериш ва акциялар ниқоби остида ҳаволалар тарқатиш. Масалан, “Раҳбарингизга овоз беринг”, “Ташаббусли бюджетга овоз беринг” каби мазмундаги хабарлар таниш, ҳамкасб ёки қариндош номидан юборилиши мумкин.
Ҳаволага кирилганда эса телефон рақамини киритиш ва “Телеграм” орқали юборилган SMS-кодни тасдиқлаш сўралади. Агар фуқаро ушбу кодни фирибгарга тақдим этса, жиноятчи унинг “Телеграм” аккаунтига кириш имкониятини қўлга киритиши мумкин.
Шундан кейин эса фирибгарлар аккаунт эгаси номидан унинг контактларига, ҳамкасбларига ва танишларига пул сўраб хабар юбориши ёки худди шундай зарарли ҳаволаларни тарқатиши мумкин. Шу сабабли SMS-кодни ҳатто таниш инсон сўраган тақдирда ҳам бошқа шахсга юбориш мумкин эмас.
Кибержиноятчиликка қарши курашишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг саъй-ҳаракатлари, балки аҳолининг киберхавфсизлик бўйича билим ва кўникмаларини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида қонун устуворлиги ва адолатни таъминлашни бешинчи устувор мақсад сифатида қайд этар экан, кибержиноятчиликка қарши курашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Кибержиноятчилик кўламини камайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси рақамларда ҳам намоён бўлмоқда. Марказий банк билан ҳамкорликда яратилган махсус тизим орқали 29 триллион сўмнинг ноқонуний равишда четга чиқиб кетишининг олди олинган ҳамда жиноятларга алоқадор 18 838 та банк картаси блокланган.
Шунингдек, жорий йилнинг иккинчи чорагида ўтказилган, ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раҳбарлигидаги ҳайъат йиғилишида маълум қилинишича, 9 282 та кибержиноят фош этилган, 4 011 та жиноят ташаббус асосида аниқланган. 13 мингдан ортиқ фуқарога етказилган 120 миллиард 496 миллион сўмдан зиёд моддий зарар қайтарилган.
Кибержиноятларнинг олдини олишда аҳолини огоҳлантириш муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда амалга оширилаётган тарғибот ишлари натижасида мамлакатимизнинг 23 миллиондан ортиқ аҳолиси қамраб олинган.
Бу рақамлар киберхавфсизлик масаласи ҳар бир инсон учун долзарб эканини кўрсатади. Чунки кибержиноятчиларнинг нишонлари орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, кексалар, тадбиркорлар, давлат хизматчилари ва ҳатто фарзандининг саломатлиги учун маблағ тўплаётган инсонлар ҳам бўлиши мумкин.
Шунинг учун кибержиноятчиликка қарши курашишнинг энг самарали чораларидан бири – ҳушёрлик ва ахборот хавфсизлиги қоидаларига амал қилишдир. Номаълум ҳаволага кирмаслик, SMS-код ва карта маълумотларини ҳеч кимга бермаслик, шошилинч пул ўтказиш талабларини текширмасдан бажармаслик ва шубҳали хабарларни бошқа ишончли манба орқали аниқлаштириш – ҳар бир фуқаронинг киберхавфсизлигини таъминлашда муҳим қадамдир.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА