Киберхавфсизликка қарши курашиш ҳар бир инсоннинг масъулияти
Бугунги кунда халқаро майдонда, дунёнинг турли мамлакатларида рўй бераётган кибержиноятларнинг ҳар хил турдаги салбий кўринишлари юртимиз аҳолиси, жамиятимизнинг турли қатламларида ҳам у ёки бу кўринишда кўзга ташланмоқда.
Телекоммуникация тармоқлари ва алоқа каналларининг кўпайиши натижасида турли даражадаги ахборот тизимлари орқали амалга оширилаётган фирибгарликлардан оддий инсонларни, жамият ва давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, ахборот инфратузилмаси барқарорлигини таъминлаш, рақамли иқтисодиёт тармоқларида киберхавфсизликни янада кучайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бугунги кунда устувор вазифалардан бирига айланди.
Спорт вазирлигида соҳа ходимлари ва мутахассислар учун Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ахборот хавфсизлиги, кибергигиена ва замонавий киберфирибгарлик схемаларига қарши курашишга бағишлаб ўтказилган семинар-тренингда шу ҳақда сўз борди.

Семинарда сохта қўнғироқлар ва хабарлар, зарарли ҳаволалар ва иловалар, телеграм аккаунтларини эгаллаш, мутасаддилар номидан сохта топшириқлар юбориш, шунингдек сунъий интеллект ва бошқа технологиялардан фойдаланиб амалга оширилаётган фирибгарликлар ҳақида тушунчалар бериб ўтилди.
Шунингдек, шубҳали ҳавола ва файлларни очмаслик, тегишли маълумотларни бегона шахсларга бермаслик, тарқатмаслик, аккаунтларни қўшимча ҳимоя қилиш ҳамда шубҳали мурожаатларни ишончли алоқа тизимлари орқали текшириш бўйича амалий тавсиялар бериб ўтилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА