Хорижлик талабалар сафи кенгаймоқда
Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида 766 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида 766 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Халқимизга жаҳон андозалари даражасида замонавий тиббий ёрдам ташкил этишда малакали мутахассисларнинг ўрни муҳим. Айниқса, тиббиётнинг бирламчи тузилмаларида малакали шифокорлар фаолият юритиши касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва халқимизнинг соғлиғини муҳофазалашда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида ҳам соҳа учун малакали кадрлар тайёрланмоқда.
Бу ерда 11 та кафедра фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, профессор-ўқитувчилар талабаларга пухта билим бераётир. Бунинг учун барча шароит яратилган. Моддий-техник база йилдан-йилга мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Жаҳон банки грантлари асосида “Физиология, патологик физиология ва анатомия” ва “Микробиология, вирусология ва иммунология” ўқув лабораториялари олинди. Талабалар турар жойи тўлиқ жорий таъмирланди.
Ўтган ўқув йилида филиалнинг кўплаб профессор-ўқитувчилари Беларусь, Россия, Тожикистон олий ўқув юртларида малака оширди.
Филиалда таълим олаётган талабалар орасида 18 нафар хорижлик ёшлар ҳам бор.
– Ўзбекистонни тинчликсевар юрт сифатида тасаввур қилардим, –дейди Зиа Уллоҳ Низамбекхан (Покистон). – Адашмаган эканман. Фарғонадаги тиббиёт олийгоҳида таҳсил олаётганимдан жуда хурсандман. Халқингиз биз билан жуда самимий ва дўстона муносабатда. Бу устозларимизга ҳам, тенгдошларимизга ҳам бирдек тааллуқли. Улардан ўзбек тилини ўрганяпмиз. Биз учун ҳамма шароит яратилган. Энг асосийси, пухта билим оляпмиз.
Филиалда яқин ва узоқ давлатлардан келиб ўқиш истагида бўлганлар сафи ортиб боряпти. Жумладан, Қирғизистон, Тожикистондан ҳам бир гуруҳ ёшлар таҳсил олаётир. Бундан ташқари, Россия Федерациясининг Кубань ва Курск тиббиёт университетлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган. Хорижлик талабалар учун дарслар инглиз тилида олиб борилаётгани, уларнинг амалиёт ўташи учун барча имконият ишга солингани диққатга сазовор. Қолаверса, уларга Ўзбекистон тарихи ва маданияти бўйича ҳам сабоқ берилмоқда.
Албатта, тиббий билимлар амалиётда кўпроқ мустаҳкамланади. Шу маънода, мазкур филиал вилоятдаги кўплаб тиббиёт масканлари, хусусий клиникалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Талабалар билимларини мустаҳкамлаб бориш учун ушбу масканларда амалий машғулотлар ўтайди. Бундан ташқари, улар бошланғич босқичларданоқ беморлар билан жонли мулоқотга киришиб, касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, клиникаси, даволаш усуллари, парвариши билан яқиндан танишмоқда.