“Келажакка қадам” дастури: ёшлар келажагига тикилган сармоя
Мамлакатимизда эртамиз давомчилари бўлган ёшларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, уларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бугунги давлат сиёсатининг бош мезонига айланди. Айниқса, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Келажакка қадам” дастури бу борада янги имкониятлар эшигини очди. Ушбу эзгу ташаббус ижросини таъминлашда “Ўзмиллийбанк” Акциядорлик жамияти нафақат молиявий кўмакчи, балки ёш тадбиркорларнинг ишончли ҳамкори сифатида намоён бўлмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 14 февралдаги тегишли қарори асосида битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида бошланган бу ҳаракат Наманган вилоятида ўзига хос шиддат билан давом этмоқда. Биргина 2025 йилнинг ўзида “Ўзмиллийбанк” АЖ Наманган вилояти бошқармаси томонидан жами 9 миллиард 895 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 212 та лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши таъминланди. Бу рақамлар замирида юзлаб ёшларнинг тақдири, янги иш ўринлари ва ҳудудларнинг иқтисодий юксалиши мужассам. Хусусан, маблағларнинг салмоқли қисми — 1 миллиард 905 миллион сўми 193 нафар битирувчининг ўзини-ўзи банд қилишига, қолган 7 миллиард 990 миллион сўми эса 19 нафар ёшнинг йирик тадбиркорлик фаолиятини бошлашига хизмат қилди.
Бундай тизимли қўллаб-қувватлашнинг амалий натижасини Уйчи туманида фаолият юритаётган ёш тадбиркор Нодира Абдуллаева мисолида кўриш мумкин. У ўз хусусий клиникасини замонавий тиббиёт марказига айлантириш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖдан 800 миллион сўм миқдорида кўмак олди.
[gallery-27888]
–Бир пайтлар фақат орзу бўлиб туюлган режаларимиз банкнинг ишончи ва имтиёзли кредити туфайли бугун ҳақиқатга айланди. Маблағ эвазига шифохонамизни энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар билан бойитдик. Энг муҳими, фаолиятимиз кенгайгани ҳисобига яна 6 нафар тенгдошимни иш билан таъминладим. Ишчиларимиз сони 18 нафарга етди. Бу нафақат бизнес, балки аҳоли саломатлигига қўшилаётган ҳиссадир,” — дейди тадбиркор.
Шунингдек, туманнинг “Алишер Навоий” маҳалласидан бўлган битирувчи Ҳикматилла Умматалиев ҳам 800 миллион сўмлик сармоя эвазига маиший техника дўконини очиб, ўз тадбиркорлик мактабини яратди. Қурилиш соҳасида изланаётган ёш қурувчи Аюбхон Обидов эса банк кўмагида “Реносансс бизнес плюс” МЧЖ фаолиятини янги босқичга олиб чиқди.
–2016 йилдан буён шаҳарсозлик ишларида қатнашиб келаётган бўлсак, 2025 йил фаолиятимизда бурилиш нуқтаси бўлди, – дейди тадбиркор Аюбхон Обидов.. – ‘Келажакка қадам’ дастури доирасида олинган 1 миллиард сўмлик кредит айланма маблағларимизни тўлдириш, замонавий техникалар сотиб олишимизга имкон берди. Натижада ишчиларимиз сонини 20 тадан 35 тага етказдик. Бу ‘Ўзмиллийбанк’нинг ёшлар келажагига тикаётган катта ишончи ифодасидир.
Ислоҳотлар занжири 2026 йилда ҳам узилиб қолгани йўқ. Йил бошидан буён яна 10 нафар истиқболли ёшнинг лойиҳалари қўллаб-қувватлангани дастурнинг нақадар изчил ва ҳаётий эканини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, “Келажакка қадам” дастури ва “Ўзмиллийбанк” АЖ нинг молиявий кўмаги бугунги кунда кўплаб ўғил-қизларнинг орзуларига қанот бағишламоқда. Бу каби хайрли ишлар нафақат ёшларнинг ижтимоий бандлигини таъминлайди, балки мамлакатимиз иқтисодиётининг янги, ёш ва ғайратли қатламини шакллантиришга хизмат қилади. Зеро, бугун ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва берилаётган имтиёзлар эртанги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворидир.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
матбуот хизмати