Кексалар ҳафталиги: эътибордан мунаввар диллар
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги” муносабати билан Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида кексалар ҳолидан хабар олиниб, учрашувлар, давра суҳбатлари, саёҳатлар ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда.
Маҳаллий ҳокимлик вакиллари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходимлари Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи 100 ёшдан ошган отахон ва онахонларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олди.


Мирзачўл туманидаги барча шаҳар, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам тадбирлар ташкил этилиб, кекса авлод вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Жумладан, “Мирзадала”, “Ержар” маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган мулоқотда депутатлар, сектор раҳбарлари, маънавият ва маърифат маркази масъуллари, “Оқила аёллар” ҳаракати ҳамда “Бувижонлар мактаби” раҳбар ва вакиллари, нуронийлар иштирок этди.
Тоғли Бахмал тумани секторлари раҳбарлари ташаббуси билан бир гуруҳ ёши улуғлар учун “Ўсмат ота” зиёратгоҳига саёҳат ташкил этилди. Нуронийлар кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрини зиёрат қилди.


Дўстлик туманида 4 минг 540 нафар нуроний истиқомат қилади. Мазкур тумандаги “Ғофур Ғулом”, “Чинобод”, “Наврўз”, “Манас” ва бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам тадбирлар ўтказилди. Бундай эътибордан нуронийлар мамнун.
Ҳафталик доирасида кексалар учун бепул тиббий кўриклар ташкил этилиб, эҳтиёжмандларга республика, вилоят ва туман шифохоналарига йўлланмалар берилмоқда.


Зомин туманида “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” деган ғоя остида умумтаълим ва касб-ҳунар ўргатиш мактаблари, техникумларда учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири тумандаги ногиронлиги бўлган аёллар учун “Мурувват” интернат уйида бўлиб ўтди. Арнасойлик нуронийлар эса Бухоро шаҳрининг тарихий қадамжоларини зиёрат қилди.


А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА