Кексалар фахримиз, ифтихоримиз
Инсон дунёга келар экан у аввало оилада шаклланади, сўнг ижтимоият фарзандига айланади. Ҳаётининг ҳар бир даврида у муайян билимга, малакага, тажрибага эга бўлиб, жамият аъзолари билан мулоқотга киришади. Кишининг кексалик даври турмушнинг аччиқ-чучугини бошдан ўтказган, ҳаётий тажрибага эга бўлган, оқ ва қорани ажрата оладиган, ҳар қандай масалага ёндашувда адолатни, тўғрисўзликни устувор санайдиган шаффоф даври саналади. Шунинг учун ҳам кексалар доимо эъзоз ва эҳтиромда.
Кексаларни қадрлаш, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш борасида дунёда бизнинг халқимиздек бағрикенг, меҳр-мурувватли халқ бўлмаса керак. Кексаларни эъзозлашга динимизда ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Имонга бой бўлган, эътиқоди мустаҳкам, пурфикр ва ихлосли нуронийларнинг фазилатлари Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) суннатларига мувофиқдир. У зот кексаларнинг фазилатларини санаб ўтиб, уларни эъзозлашни шарт қилганлар.
Мамлакатимиз иқтисодиётини, илм-фанини, маънавиятини, маърифатини ва бошқа соҳаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини инобатга олиб Президентимиз тавсияси билан ташкил этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан икки йил давомида 100 дан ортиқ андижонлик нуронийлар тақдирланди.
[gallery-6649]
Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, вилоятдаги 11 нафар Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларининг барчасига 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тақдим этилади. Вилоятда кексаларни моддий қўллаб-қувватлаш, маънавий-маърифий соҳада, спорт-соғломлаштириш, зиёрат, туризм ва саёҳат ташкил этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятдаги 886 та маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида нуронийлардан иборат таянч гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, улар жамоатчилик асосида маҳалла бошқарувида фаол иштирок этмоқда. “Ўнта ёшга бир Нуроний” шиори остида кекса отахон ва онахонларимиз ёшлар тарбияси, маънавияти, ахлоқ-одоби ва оилавий турмуш тарзи бўйича суҳбатлар ўтказмоқда, маслаҳатлар бериб, муаммоларни ҳал этишга кўмаклашмоқда.
Кексалар учун энг зарурий мурувват бу уларнинг соғ ва саломат бўлишлари учун шароитлар яратиш, тадбирлар ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини уларнинг ҳаётий эҳтиёжлари даражасига кўтаришдир. Жумладан, “Инсон инсон учун” шиори остида ўтказилган ойлик доирасида 442 нафар уйда ётиб қолган, 319 нафар шифохоналарда даволанаётган кексаларнинг ҳолидан хабар олинди, 186 нафар кексаларнинг уйларида ҳашар ташкил қилинди. Саксон нафар нуроний Андижон туманидаги Бобур сиҳатгоҳида саломатлигини тиклади.
“Кексалар ойлиги” доирасида кекса авлод вакиллари иштирокида спорт мусобақаларининг ташкил этилиши, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши, саёҳатлар уюштирилиши – буларнинг барчаси уларнинг умрларига умр қўшмоқда, ҳаётларини янада файзли ўтишига хизмат қилмоқда.
Вилоятдаги 17 минг 680 нафар кекса фахрийлар зиёрат туризми объектларига, муқаддас қадамжоларга ва музейларга, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм каби тарихий шаҳарлар ва бошқа вилоятларга саёҳатлар уюштирилди.
“Қариялар – хонадонларимизнинг файзи ва фариштаси” деганларидай, тўю ҳашамларда, ҳашару тадбирларда қўлларини дуога очиб, юртимизга тинчлик, осмонимизга мусаффолик, халқимизга ҳамжиҳатлик тилаётган кексаларимиз омон бўлсин.
Маъмуржон САИДХОНОВ,
Андижон давлат университети доценти, меҳнат фахрийси,
ЎзА