Кечиримлилик дунёдаги амалларнинг энг хайрлиси
-------------------------------
"... Одами эрсанг, демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғами, дин ғами".
Алишер НАВОИЙ
Инсонпарварлик – миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган ота мерос фазилатдир. Бунинг ёрқин далили сифатида Давлат раҳбари мамлакат ҳаётида яна бир хайрли ишга қўл урди ва инсонпарварликнинг юксак намунаси сифатида «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу эса юраги ярим бўлган оналар, бағри тўлган оилалар, кўчадан кўз узолмаётган оталар ризолигига сабабдир.
Билиб-билмасдан жиноят кўчаларида адашган, эндиликда шу қилмишларидан пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқара олган, тузалиш йўлига қатъий ўтган кишилар учун бу кечиримлилик – гўёки ҳаёт учун поклик йўлининг иккинчи имконияти бўлди.
Халқимиз улуғлари кечиримлиликни дунёдаги амалларнинг энг хайрлиси ва фазилатлиси дея нақл қиладилар. Ушбу Фармон орқали умуминсоний ва конституциявий принципларнинг Ўзбекистонда амалда таъминланиши такроран бўй кўрсатди.
Бугун Янги Ўзбекистон сиёсатида «Жаҳолатга қарши маърифат» билан ислоҳот юритаётган Давлат раҳбарининг ўз халқи учун маънавий қаҳрамонлик кўрсатаётгани каттаю кичик, ёшу қари томонидан самимий эътироф этилмоқда.
Яқин тарихга кўз ташласак, ўтган йиллар мобайнида афв этиш ҳақидаги фармонлар асосида неча юзлаб маҳкумлар афв этилди. Айнан Президентимиз жонкуярлиги билан «Меҳр» операциялари орқали Сурия заминида адашган неча-неча ўзбекистонликлар Ватанига қайтарилди.
Мазкур хайрли ишлар Ҳазрати Навоий байтларидаги “...халқ ғамидин” куйиб-ёнгувчи, инсонларнинг бахт-саодатини ўйлагувчи "одамий" аждодларнинг муносиб авлоди эканлигига ишорадир.
Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори,
профессор