Каттақўрғонда ноқонуний диний таълим берганлар судланди
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан шаҳардаги Баҳористон маҳалласида диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузганлик билан боғлиқ иккита жиноят иши сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Иш ҳужжатларига кўра, судланувчилар махсус диний маълумотга эга бўлмаган ҳолда ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз вояга етмаганларга диний таълимотдан сабоқ бериб келган.
Хусусан, улардан бири Telegram мессенжерида гуруҳ ташкил этиб, бошқа вилоятда яшовчи вояга етмаган болага онлайн тарзда, ойлик тўлов эвазига диний таълим берган. Ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида аниқланган.
Суд мажлисида судланувчилар айбларига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишларидан пушаймон эканликларини билдирди. Суд уларнинг шахсини, айбига иқрорлигини ва жиноятнинг ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киришини ҳамда маҳалла фаоллари кафиллигини инобатга олиб, судланувчиларнинг бирига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, иккинчисига эса жарима жазоси тайинлади.
Мажлис якунида Каттақўрғон шаҳар суди раиси Ў.Мамадалиев мамлакатимиз қонунчилигига кўра, диний таълим фақат белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган диний таълим муассасаларида, махсус диний маълумотга эга мутахассислар томонидан берилиши мумкинлигини таъкидлади. Ушбу тартибни бузиш, айниқса, вояга етмаганларни бундай машғулотларга жалб этиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
– Қонунчиликка кўра, диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик, одатда, шахсга шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин юзага келади, – деди Ў.Мамадалиев. – Бироқ ушбу ҳаракатлар вояга етмаганларга нисбатан содир этилган тақдирда, Жиноят кодексининг 229²-моддаси 2-қисмига асосан жиноий жавобгарлик маъмурий преюдициясиз, яъни биринчи ҳолатнинг ўзидаёқ келиб чиқади. Бу мамлакатимизда болалар ва ёшларни ғаразли ғоялар таъсиридан муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Норасмий, хусусан, интернет орқали ўтказиладиган «дарслар»да болаларга кимлар ва қандай мазмунда таълим бераётганини назорат қилиб бўлмайди. Бу эса ёшларни ғаразли ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфига дучор қилади. Шу боис ота-оналар фарзандларининг диний билим олишини фақат расмий, рухсатномага эга муассасалар орқали ташкил этишлари, болаларнинг интернетдаги фаолиятига эътиборли бўлишлари мақсадга мувофиқ.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири