Мамлакатимизда катта ҳажмли ва оғир вазнли ностандарт юкларни халқаро доирада етказиб беришга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Бунда саноат, энергетика, қурилиш ва бошқа кўплаб соҳаларда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларининг аҳамияти кенг.
Бу каби юклар сирасига шикаст етказмасдан қисмларга ажратиш имконияти бўлмаган ўта оғир ускуналар, турли саноат агрегатлари, электростанция қурилмалари, катта ҳажмли металл конструкциялар киради. Логистика тилида бундай ностандарт юкларини ташиш билан боғлиқ йирик операциялар лойиҳавий юк ташувлари деб аталади.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, миллий ташувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида ўзбек миллий ташувчилари илк маротаба Хитой Халқ Республикасидаги ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳудудидан катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида тўғридан-тўғри ташувларни амалга оширишни бошлади.
Айни дамда ҳар бирининг оғирлиги 270 тоннадан юқори бўлган юк модуллари махсус транспорт воситаларида Хитойдан Сурхондарё вилоятига етказилмоқда. Мазкур юк модуллари Сурхондарё вилоятида қурилаётган иссиқлик электр станцияси учун ишлаб чиқарилган ускуналардир.
Ташувлар аниқ белгиланган йўналиш бўйича тегишли рухсатнома асосида амалга оширилмоқда.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА